Ўзбекистон | 16:20 / 26.11.2019
4318
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўзбек тилидаги техник ўқув қўлланмалар мусобақаси ва стартаплар танлови ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари иштирокида «I ўқув қўлланмалар яратиш мусобақаси» ва «Стартап ғоялар танлови» бўлиб ўтди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг масъул ходимлари, КОICА’нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил, Кореядан келиб ўқув марказларида фаолият кўрсатаётган волонтёр ўқитувчилар ва ўзбекистонлик бошқа масъуллар иштирок этишди.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўртасида биринчи бор ўтказилаётган мусобақа барча қатнашувчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Бу мусобақа дўстликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани унинг аҳамиятини янада ошириб юборди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Ф.У.Мамарасулов ва КОICА’нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил очиб берди.

Мусобақада ўқитувчилар жами 5та йўналиш бўйича беллашди. Булар, автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш; электроника ва асбобсозлик; пайвандлаш ишлари техниги; ахборот технологиялари ва тўқимачилик йўналишлари бўлди.

Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўқитувчилари ушбу касблар бўйича тайёрлаб келган ўқув қўлланмаларини тақдимот қилишди.

Вазирлик, КОICА ходимлари, ОЎЮ профессорлари ва саноат корхоналарининг етакчи мутахассислари тақдимот қилинган ўқув қўлланмалари замон талабига мослиги, янгилиги, талабаларга тушунарли бўлиши, оммалашуви ва бошқа мезонлар бўйича баҳолашди.

Берилган вақт ва мусобақа шартлари тугагач ҳакамлар томонидан ғолиблар аниқланди.

Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш учун меҳмонлар марказнинг мажлислар залига таклиф этилди. КОICА’нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил ўқитувчиларга Гран-при ва 5та биринчи ўринга пул мукофотлари, дипломлар ва қимматбаҳо совғаларни топширишди. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги номидан Гран-при соҳибига телевизор ва 5та биринчи ўринга микротўлқинли печлар совға қилинди.

Гран-прини Самарқанд шаҳридаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маркази ходими Электроника ва асбобсозлик йўналиши бўйича Жавоҳир Сафаров қўлга киритди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида KOICA гранти асосида ташкил этилган Самарқанд стартап инкубатор марказида стартап ғоялар танлови ўтказилди. Танловга ариза топширган 14 нафар стартап ғояларидан дастлабки танловдан ўтган 5та ғоянинг тақдимотини ўтказди. Номзодлар ҳакамлар томонидан баҳоланди ва марказ резидентлигига қабул қилинди.

1-ўрин Зафарали Бозоровга насиб этди. Стартап муаллифи бир йил муддатга офис билан бепул таъминланадиган бўлди. Унга қимматбаҳо совғалар берилди ва стартап хизматларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид