12:00 / 27.11.2019
0
92265

Бошланғич синфда ўқитишнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш усуллари

Таълим ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳамкорликдаги фаолияти бўлиб, шу жараёнда шахснинг тараққиёти, унинг маълумоти ва тарбияси ҳам амалга ошади. Дарсларда ўқитувчи ўз билими, кўникма ва малакаларини машғулотлар воситасида ўқувчиларга етказади, ўқувчилар эса уни ўзлаштириб бориши натижасида ундан фойдаланиш қобилиятига эга бўлади. Ўрганиш жараёнида ўқувчилар ўзлаштиришнинг турли кўринишларидан фойдаланишади, яъни ўзлаштирилаётган маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш ҳамда амалиётга татбиқ этишда ўзига хос тафовутларга таянади. Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларларнинг дарс пайтидаги ҳамкорлиги, ўқувчиларнинг мустақил ишлаши, синфдан ташқари ишлар шаклида таълим ва тарбия масалалари ҳал этилади.

Таълимнинг мақсади жамият эҳтиёжига мос равишда шаклланади. Шундай экан, таълим-тарбия мақсади мос ва мутаносиб бўлиши керак. Илмий адабиётларда таълимнинг мақсади имкониятларидан тўғри, аниқ, ўринли фойдаланиш кўникма ва малакаларини ҳосил қилиш, мантиқий-ижодий тафаккурни ривожлантириш, коммуникатив саводхонликни ошириш, миллий ғояни сингдириш, шарқона тарбияни шакллантириш, шахсни маънавий бойитишдан иборатлиги таъкидланган. Таълимий мақсад асосида ўқувчиларда мустақил фикрлаш, оғзаки ва ёзма саводхонликни ошириш, мантиқий тафаккурни ривожлантириш орқали уларнинг мулоқот маданияти такомиллаштирилади. Тарбиявий мақсад асосида эса маънавий, ғоявий, нафосат тарбияси берилади. Тил ўрганиш жараёнида халқнинг маданий-ахлоқий қадриятларига яқинлаштириш имкони пайдо бўлади.   

Улуғ донишмандлардан бири «... келажак ташвиши билан яшасанг, фарзандларингга яхши билим бер, ўқит», деган экан. Юртимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақиқий маънода бир-икки йиллик ёки қисқа даврда самарага эришишга қаратилган иш эмас, балки чин маънода бир неча юз йилларга татийдиган ўзгариш бўлди, десак хато бўлмайди. Бу президентимизнинг келажагимиз, келажак авлодимиз ҳақида қайғуриб, юртимизнинг барча фарзандлари – менинг фарзандларим, улар бизлардан кўра кучли, билимли ва албатта бахтли бўлишлари керак, деган ғояси замирида донишмандларча сиёсат ётганини кўрсатади. 

Маълумки, таълимда илғор педагогик ва янги ахборотлар технологияларини татбиқ этиш ўқув машғулотларининг самарадорлигини оширибгина қолмай, илм-фан ютуқларини амалиётда қўллаш орқали мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, ҳар томонлама баркамол юксак маънавиятли шахсни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда таълим жараёнида интерфаол методлар ва ахборот технологияларини ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Бундай бўлишининг сабабларидан бири, шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчилар фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологиялардан фойдаланиш эса уларни эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топиш, мустақил ўрганиш ва фикрлаш, таҳлил қилиш, ҳатто якуний хулосаларни ҳам ўзлари келтириб чиқаришга ўргатади. Ўқитувчи бу жараёнда шахс ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик функциясини бажаради. Бугунги кунда таълимда «Ақлий ҳужум», «Фикрлар ҳужуми», «Тармоқлар» методи, «Синквейн», «БББ», «Бешинчиси ортиқча», «6х6х6», «Баҳс-мунозара», «Ролли ўйин», ФСМУ, «Кичик гуруҳларда ишлаш», «Юмалоқланган қор», «Зигзаг», «Охирги сўзни мен айтай» каби замонавий технологиялар қўлланмоқда. 

Дарс машғулотларида ўйин-топшириқларни такрорлаш ёки мустаҳкамлаш дарсларида фойдаланилса ижобий натижа беради. Ўйин-топшириқнинг қайси бир турини танлаш дарснинг турига, синф ўқувчиларининг ўйин-топшириқларни бажаришга ўргатилганлик даражаси, уларнинг билим савияси, мустақил ижодий ишлаш имкониятлари, ўрганилганларни хотирада тез тиклай олиши, ижодкорликнинг қай даражада шаклланганига ҳам боғлиқ бўлиши керак.

Таълимда ўқувчи шахсини фикрлашга, ўзгалар фикрини англаш ва шу фикрни оғзаки ҳамда ёзма шаклда саводли баён эта олишга ўргатиш масаласига эътибор қаратилган бўлиб, мустақил фикрлайдиган, нутқ маданияти ривожланган саводхон шахсни камол топтириш асосий ўрин эгаллайди. Миллатнинг турмуш тарзи, маданий яратувчанлиги унинг бой тарихий мероси асосида ўрганилади. 

Бугунги кун ўқитувчидан илғор педагогик ва янги ахборотлар технологияларидан ўқув жараёнида фойдаланишни талаб этмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, тажрибаларимиз асосида дарс машғулотларида интерфаол методларни қўллаш орқали таълим-тарбия бериш йўлларига доир фикрларимизни баён этамиз. Ўйлаймизки, у ўқув машғулотлари самарадорлигини оширишда ҳамкасбларимизга амалий ёрдам беради. Шунингдек, ўқувчиларни ўз йўналишини танлаш ва мустақил ҳаётга тайёргарлик кўникмаларини шакллантиришдек масъулиятли вазифани бажаришда уларнинг яқин кўмакчилардан бирига айланади. Қуйида синфлар кесимида айрим мавзулар асосида ўқитишнинг замонавий усулларини татбиқ этиш бўйича тавсиялар берамиз. Сиз ундан ижодий ёндашган ҳолда фойдаланасиз ва биринчи президентимизнинг: «Ҳар қаричи муқаддас бўлган она еримизга нисбатан фарзандларимизда ғурур ва ифтихор, садоқат туйғуларини уйғотиш учун биз бугун нима қиляпмиз, деган саволга жавоб излаб кўрайлик»[1], - деган фикрларига жавобан таълим ва тарбия беришнинг замонавий усулларини татбиқ этиш орқали кўзланган мақсадга эришишга ўз ҳиссангизни қўшасиз деган умиддамиз.

«Бешинчиси (олтинчиси, еттинчиси ...) ортиқча» методи

Ўқувчилар мантиқий тафаккур юритиш кўникмаларига эга бўлишларида ушбу метод алоҳида аҳамиятга эга. Уни қўллашда қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:

  • Ўрганилаётган мавзу моҳиятини очиб беришга хизмат қилувчи тушунчалар тизимини шакллантириш;
  • ҳосил бўлган тизимдан мавзуга тааллуқли бўлган тўртта (бешта, олтита, ...) ва тааллуқли бўлмаган битта тушунчанинг ўрин олишига эришиш;
  • ўқувчиларга мавзуга тааллуқли бўлмаган тушунчани аниқлаш ва уни тизимдан чиқариш вазифасини топшириш;
  • ўқувчиларни ўз ҳаракатлари моҳиятини шарҳлашга ундаш (мавзуни мустаҳкамлаш мақсадида ўқувчилардан тизимда сақланиб қолган тушунчаларга ҳам изоҳ бериб ўтишлари ҳамда улар ўртасидаги мантиқий боғлиқликни асослашларини талаб этиш лозим).

Мазкур метод ўқувчилардан ўрганилаётган мавзу (ёки бўлим, боб) юзасидан таҳлилий мулоҳаза юритиш, шунингдек, энг муҳим таянч тушунчаларни ифодалай олишни талаб этади. 

Методни қўллашда қуйидаги ҳаракатлар ташкил этилади:

  • ўқитувчи ўзаро тенг нисбатда мавзуга (бўлим, боб) оид ва оид бўлмаган асосий тушунчалар тизимини яратади;
  • ўқувчилар мавзуга (бўлим, боб) оид ва оид бўлмаган асосий тушунчаларн аниқлайдилар ва дахлдор бўлмаган асосий тушунчаларни тизимдан чиқарадилар;
  • ўқувчилар ўз ҳаракатларининг моҳиятини изоҳлайдилар.

Методдан индивидуал, гуруҳли ва оммавий шаклда ўқувчилар томонидан мавзунинг пухта ўзлаштирилишини таъминлаш ҳамда уларнинг билимларини аниқлаш мақсадида фойдаланиш мумкин.

1-синф дарслигидаги «Ошхона жиҳозлари», «Қушлар», «Уй ҳайвонлари ва паррандалар» каби мавзуларини ўрганишда янги мавзуни мустаҳкамлаш учун мазкур методни қўллаш ижобий натижа беради. Бунда мавзуга оид тўртта ва тааллуқли бўлмаган (ортиқча) битта сўз (тушунча, фикр) берилади. 

Ўқувчилар ана шу сўзни (тушунча, фикр) аниқлайдилар. 

Масалан, 1-синф дарслигидаги 1-машқда берилган топшириқни бажаришда қуйидагича қўллаш мумкин. Ёзув экранда кўрсатилади. Ўқувчилар ортиқча сўзни аниқлашади.

Уй ҳайвонлари: сигир, қўй, тошбақа, от, ит.

Сўнг бу сўзлар иштирокида гап тузиш топшириғи берилади ва тузилган гаплар асосида ахлоқий тарбия берилади.

Намуна: От - инсоннинг энг ишончли дўсти. 

Ўқувчилар томонидан тузилган гаплар асосида ўқувчилар қалбида она табиатга муҳаббат уйғотилади, уй ҳайвонларига нисбатан ижобий муносабатда бўлишга ўргатилади.

«Видеотопишмоқ» методи

Ҳозирги кунда педагогик фаолиятда турли ахборот воситалари (компьютер, телевидение, радио, нусха кўчирувчи қурилма, слайд, видео ва аудио магнитофонлар) ёрдамида таълим жараёни ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчилар олдида таълим жараёнида турли ахборот воситаларидан ўринли ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш вазифаси турибди.

Видеотопишмоқ методидан фойдаланишда қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:

  • ўқувчилар эътиборига ўрганилаётган мавзу моҳиятини тасвирий ёритишга ёрдам берувчи изоҳларсиз бир нечта видеолавҳа намойиш этилади;
  • ўқувчилар ҳар бир лавҳада қандай жараён акс эттирилганини изоҳлашади;
  • жараёнларнинг моҳиятини дафтарларига қайд этишади;
  • ўқитувчи томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришади.

Мазкур метод асосида мавзуга доир компьютер орқали видеолавҳа намойиш этилади. Ўқувчилар видеолавҳа мавзуси, унда ифодаланган мавзу ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади.

Масалан, «Электр жиҳозлари» (1-синф), «Йил фасллари» (2-синф) кабилар асосида ўқувчиларга миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, иқтисодий муносабатлар ҳақида тушунчалар берилади.

Наврўз удумлари (фойдаланиш учун матнлар)

Наврўз куни одам ота-онаси, яқин кишилари билан дийдорлашади. Гинали одамлар Наврўз куни ярашади.

Наврўз арафасида кексалар махсус идишларга етти хил дон экиб, уларнинг униб чиқишига қараб, кузда олинадиган ҳосил чўғини чамалашган. 

Баъзи жойларда эса Наврўз кунларида пайдо бўлган камалакка қараб ерга сув сепилади. Шундай қилинса, гўё йил серёғин ва баракали бўлар экан.

Наврўз кунлари боғдаги ўрик дарахтларига арқон солиб арғимчоқ ясалади. Қиз-жувонлар йиғилишиб, навбатма-навбат арғимчоқ учадилар. Наврўзда арғимчоқ учса бир йиллик гуноҳи тўкилади дейилган.

Бу методни 2-синфда ўқувчиларнинг унли ва ундош товушлар ҳақидаги билимларини синаш, уни мустаҳкамлаш мақсадида ҳам қўллаш мумкин. Масалан, экран орқали унли товушлар кўрсатилади. Галма-галдан шу товуш билан бошланадиган сўзларни ифодалайдиган расмлар кўрсатилади. Ўқувчилар расмлардаги нарса, буюм номларини дафтарларига ёзадилар. Бунда ўқувчиларнинг хотиралари мустаҳкамланади, сўз бойлиги ошади.

Намуна:

Унлилар

А - атиргул

Ў - ўрик 

Бошланғич синфларда интерфаол методлар ва таълимий ўйинлардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўқувчиларни мустақил фикрлашга, ижодий изланиш ва мантиқий фикрлаш доираларини кенгайтириш билан бирга уларни дарсларда ўрганганларини ҳаёт билан боғлашга, қизиқишларини оширишга ёрдам беради. Ўқитувчиларнинг бундай замонавий талаблар асосида яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, дарсларни илғор педагогик ҳамда ахборот коммуникация технологиялари асосида ташкил этилиши таълим-тарбия жараёнини сифатини кафолатлайди.

Бизнингча, таълимий ўйинларга қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:

1. Таълимий ўйинлар ўқувчилар ёшига мос бўлиши керак;

2. Ўйинлар ўтилаётган мавзу мазмун-моҳиятига мутаносиб бўлиши лозим;

3. Таълимий ўйинларни ўтказиш вақти аниқ белгиланиши шарт;

4. Таълимий ўйинлар ҳам таълимий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши керак;

5. Таълимий ўйинларнинг ўтказилиш мақсади, аҳамияти белгиланиши лозим.

Юқоридаги талабларга амал қилингандагина дарс самарадорлиги ортади ва замонавий технологиялар таълим самарадорлигига хизмат қилади.

Умида Мамаджонова,
Наманган шаҳар 48-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

[1] Каримов И. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. – Т: «Ўзбекистон», 2009, 15-бет.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top