Президент Мирзиёев мамлакат парламенти ва халқига йўллаган мурожаатида келгуси ўқув йилидан бошлаб 11 та вилоят ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам ўқувчиларни бепул овқатлантириш амалиёти жорий этилишини таъкидлади. Бунинг учун бюджетдан 2,3 триллион сўм ажратилади. Жамоатчилик фаоллари ўқувчиларга бепул овқат берилиши қатор муаммоларга сабаб бўлиши ҳақидаги хавотирларини билдиришмоқда.

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига енгил тамадди кўринишидаги бир марталик овқат етказиб берилмоқда. Фото: ХТВ ахборот хизмати

“Бу таҳсинга лойиқ ташаббус. Лекин бунинг устидан давлат ёки жамоатчилик томонидан қатъий назорат ўрнатилиши керак. Ўқувчиларни бепул овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ жуда катта. Ўзбекистондаги 10 мингдан зиёд мактабда 2,3 трлн сўмга ҳеч бир муаммосиз бепул овқатлантириш тизимини йўлга қўйиш мумкин.

Бироқ бугунги кунда ҳамма соҳада кузатилаётган юлғичликлардан келиб чиқиб бу соҳадаям ўқувчиларни бепул овқатлантириш учун ажратилаётган пуллар ҳам ўзлаштирилиши мумкинлигидан хавотирдаман. Мактабда ўқувчиларга овқат бепул берилгани билан уни қайсидир аутсорсинг ёки кейтеринг фирмаси текинга етказиб бермайди. Бунинг учун давлат бюджетдан пулини тўлаб беради. Ажратилаётган каттагина маблағ кимларнингдир иштаҳасини очиб юбориши, агар қатъий назорат йўлга қўйилмаса, бундан қайсидир амалдорларнинг чўнтак-корхоналаригина фойда кўриши мумкин деб ўйлайман”, дейди блогер Фаррух Тўрамуродов

Унинг таъкидлашича, мактабларда бепул овқатлантиришни йўлга қўйиш – ошиғич ҳал қилинадиган масала эмас. Жамоат фаоли ўқувчилар рациони диетолог ва бошқа мутахассислар билан бамаслаҳат шакллантирилиши, бунда боланинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини урғулайди.

“Бу ташаббус устида диетологлар ишлаши керак. Чунки ўқувчилар орасида ҳар хил болалар бор. Баъзилар сут ва сут маҳсулотларини кўтара олмайди. Кимдир тухум ея олмайди, кимнингдир қайсидир маҳсулотларга аллергияси бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда рацион ишлаб чиқилиши керак.