Ўзбекистон | 13:41 / 17.08.2023
51416
3 дақиқада ўқилади

XXI аср ўқувчиси учун зарур кўникмаларини ўргатувчи модел – 4К ҳақида

Янги ўқув йилидан бошлаб бошланғич синф ўқувчилари янги авлод дарсликлари асосида таълим олади. Дарсликларнинг асосий хусусиятларидан бири – уларнинг 4К тамойили асосида ишлаб чиқилганидадир. Яъни бу тамойилда қуруқ маълумотларни ёдлатиш ёки шунчаки ўқиш/ёзишни ўргатиш билан чекланилмайди. Ўқувчилар нафақат фанларни, балки XXI асрда зарур бўлган ҳаётий кўникмаларни ҳам ўрганади.

1C5gqIbSMT5ZYIgn8R86RUSvK3qcCQ5_.jpg (1280×853)

4К нима дегани?

Бошланғич синфларда қўлланиши бошланаётган янги тамойил ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбоева батафсил маълумот берди. 

4К ёндашуви ўз номи билан 4 та тамойилни ўз ичига олади:

Коллаборация: Дарсликлар ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган тарзда тузилган. Бу ўқувчиларга ҳамкорлик қилиш, самарали фикр алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кўникмаларини ўрганишга кўмаклашади.

Коммуникативлик: Ўқувчилар ўз фикрларини аниқ, равшан ифодалашга, суҳбатдошни тинглашга ва тушунишга, маълумотни етказишда тил воситаларидан унумли фойдаланишга ўрганади.

Креатив фикрлаш: Ўқувчилар ўз мақсадларига эришиш учун янги ёндашувларни қўллашни ўрганади, инновацион ечимларни ишлаб чиқадилар ва ижодий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларига эга бўлади.

Критик (танқидий) фикрлаш: Ушбу методология ўқувчиларнинг ахборотни танқидий баҳолаш, ўз фикри ва мулоҳазаларини шакллантириш кўникмаларини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ўқувчилар муаммоларга таҳлилий нуқтайи назардан ёндашишни ўрганади ва мантиқий фикрлаш асосида ўз нуқтайи назарини шакллантиради.

Янги инновацион ёндашувни Ўзбекистон мактабларида жорий этишдан олдин хорижий тажрибалар ҳам ўрганилди. Сингапур, Хитой, Англия, Финландия, Эстония каби таълими илғор мамлакатлар ўқувчиларда 4К тамойилини ўз ичига олган XXI аср кўникмаларини ривожлантиришга асосий эътибор қаратади. 

PISA, PIRLS каби халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган давлатлар таълимида ўқувчиларда "4К"ни ўз ичига олган мулоқот, тадқиқот, яратувчанлик каби кўникмаларга алоҳида урғу берилган ва шунинг учун ҳам улар халқаро рейтингларда катта натижаларга эришишяпти.

Янги модел яхши ишлаши учун қандай шароит керак?

"4К" моделига асосланган инновацион ёндашув мактабларда қўллаш учун алоҳида шароитлар талаб этмайди. Масалан, ўқувчиларда танқидий фикрлаш қобилияти савол-топшириқлар билан, мулоқот кўникмаси эса савол-топшириқлар ва машғулотлар орқали ривожланади. Мактабларда бу усулларни ишлатиш учун шароит йўқ деб айтиш нотўғри.

comYALdhlqyBQkV6_wmguafRIkYDo8da_medium.jpg (608×405)

Янги ёндашувни қўллай олиш асосан ўқитувчиларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам яқинда Тошкентда республикадан йиғилган 300 дан ортиқ тренер ўқитувчилар тайёрланди. Улар мамлакатдаги бошқа барча ўқитувчилар малакасини оширишга ёрдам беради.

Янги инновацион ёндашув натижасини ўқувчининг дунёқараши, фикрлаши ўсишида кўриш мумкин. XXI аср ўқувчиси портретида XXI аср кўникмалари бўлиши керак. Инновацион ёндашувни қўллашдан асосий мақсад ҳам шу. Қолаверса, таълимнинг асосий мақсади – ўқувчиларга нафақат билим бериш, балки олган билимларини ҳаётда қўллай олишга ўргатишдан иборат.

Мавзуга оид