13:19 / 27.11.2019
3
62371

Сардор Рашидов: «Купер истеъфога чиқарилгач, Қатардаги ҳамма мисрликлар мени табриклашганди»

Фото: KUN.UZ

Сардор Рашидов Вадим Абрамов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоасидан таклиф олмаган бўлса-да, клуби «Қатар СК» сафида ўз голлари билан мухлисларни қувонтирмоқда. У ФИФА кунлари сабаб юзага келган танаффусдан фойдаланиб, юртимизга қайтди.

Kun.uz сайти мухбири Жиззахда Сардор Рашидов билан учрашиб, ундан эксклюзив интервью олди. Суҳбат давомида легионер футболчи Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Эктор Купер ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Эктор Купер ўйин ва натижа жиҳатдан бизга ҳеч нарса бермади. Қатарда мисрликлар жуда кўп. Клубимизда ҳам мисрлик футболчилар, мутахассислар, клуб ишчилари талайгина. Қизиғи, Купер бизга бош мураббий бўлганида уларнинг аксарияти «Купер сизларда иш бошлабди, муаммога йўлиқибсизлар-да», дейишганди. Негадир мисрликлар Куперни ёқтиришмасди. Қайси мисрлик билан гаплашмай, у бизни «ўлдириб кетган» дерди. Купер истеъфога чиқарилгач, Қатардаги мисрлик мураббий ва футболчилар хурсанд бўлиб, мени табриклашганди.

Айнан унинг қўл остидаги ўз ўйиним ҳақида гапирадиган бўлсам, ўшанда мен ҳужум ҳақида эмас, кўпроқ ҳимоямиз ҳақида ўйлашим керак эди. Унинг талабини бажармасам, дарҳол захирага оларди. Бизда ҳужумкор яхши футболчилар кўп бўлса-да, Эктор Купер энг аввало ҳимоя ҳақида ўйлашимиз кераклиги ҳақида гапирарди. Мисрда ҳам шундай ишлаган экан. Мисрликлардан бирининг айтишича, Купер Миср терма жамоасида ҳам Муҳаммад Салоҳдан бошқа ҳаммадан асосан ҳимояда тўп суришни талаб қилган экан» - дейди Сардор Рашидов.

Қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган видеоинтервьюни тез орада Kun.uz ва Tribuna.uz сайтларида томоша қилишингиз мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top