16:20 / 27.11.2019
0
4034

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: қиш мавсумида тез тиббий ёрдамнинг ўзига хос жиҳатлари бор

2018 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шошилинч тиббий ёрдам тизими томонидан 13 миллионга яқин чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилган, улардан 10 миллиондан ортиғи 103 рақами орқали, 3 миллионтаси стационарларга мурожаат кўринишида бўлган. 2019 йилнинг 10 ойида бу кўрсаткич 10,5 миллионга яқинлашган.

Бугун, 27 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, ютуқлар ва муаммоларига бағишланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, айни шу тизим раҳбари Абдуҳаким Тожибоев берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда 2500га яқин «Nissan», «Hunday», «Toyota» русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси ажратилган. 2021 йилгача «Дамас» автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андазалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган.

Республика бўйича «тез ёрдам»га тушаётган чақириқларнинг атиги 15 фоизи госпитализация қилиниши, яъни бемор шифохонага олиб кетилиши, 85 фоизига эса жойида хизмат кўрсатилиши «тез ёрдам» чақирадиганларнинг аксарияти аслида тез ёрдамга муҳтож эмаслигини англатади.

Мухбиримизнинг «Қиш мавсумида, айниқса яхмалак кунларида тез ёрдам тизими қай тартибда ишлайди, чақириқлар сони қанчалик ошади?» деган саволига А.Тожибоев шундай жавоб берди:

– Қиш мавсумининг ўзига хос жиҳатлари бор албатта. Тойғаноқларда йиқилиб жароҳат олишлар, йўлларда йўл транспорт ҳодисалари кўпаяди. Болаларда шамоллаш, тумов кўп учрайди, ота-оналар кўп чақириқ қилади. Шу билан бирга тез тиббий ёрдам бригадасининг жойларга етиб бориши ҳам табиий равишда секинлашади, бу ҳам бир муаммо. Шунинг учун биз бригадаларимиз ишини энг тиғиз пайтларга мослаб мувофиқлаштирамиз. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top