12:46 / 29.11.2019
0
5052

Ўзбекистонда тиббий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш таклиф қилинди

Ўзбекистонда тиббий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатиш (таъмирлаш) соҳасини ривожлантириш таклиф этилмоқда. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тегишли петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тиббий асбоб-ускуналарни сотувчи фирмалар кўп эмас, уларга хизмат кўрсатувчи фирмалар эса деярли йўқ. 

“Чунки Ўзбекистонда тиббий асбоб-ускуналарни таъмирлашни ўргатувчи ўқув курслари ташкил этилмаган. Тиббиёт муассасаларидаги тиббий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатувчи (таъмирловчи)лар бор, лекин улар кичик ускуналарни таъмирлашни билади, холос”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, ҳозирда кўплаб тиббий техникалар бузилиб, таъмирланмасдан эскириб кетмоқда ва уларнинг ўрнига янги аппаратларни сотиб олиш учун пул ва вақт сарфланмоқда. Бир аппаратни таъмирлайман, дегунча беморлар сарсон бўлишмоқда.

“Давлат корхонаси ёки хусусий фирма кўринишида ҳар бир вилоятда тиббий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатувчи, яъни таъмирловчи ташкилотларни ташкил этиш керак. Шунингдек, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатувчиларни кўпайтириш ва тегишли муассасаларда етарлича штат бирликларини жорий этишни таклиф қиламан”, - дейилади петицияда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top