13:59 / 30.11.2019
0
11881

Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалар мурожаатига муносабат билдирди

Kun.uz сайтида «Самарқандлик бўлажак агрономлар ва механизаторлар аросатда: уларга ваъда қилинган университет филиали ҳамон очилмади» сарлавҳаси остида материал эълон қилинган эди.

Унда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг «Иқтисодиёт ва агротехнология» факультети 3- ва 4-босқич талабалари мурожаати келтирилган. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати ушбу материалга ўз муносабатини билдирди.

«Самарқанд Ветеринария медицинаси институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПҚ–3703-сон қарорига асосан, Самарқанд Қишлоқ хўжалиги институти негизида ташкил этилган. Мақсад ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги, замонавий билимларга эга олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, инновацион ғоялар ва технологияларни мазкур таълим даргоҳининг барча соҳаларига татбиқ этишдан иборат.

Талабалар мурожаатида қайд этилган, яъни Президентнинг «Тошкент Давлат аграр Университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича фикр билдириш ва буни изоҳлаш институт раҳбарияти ваколати доирасидан ташқаридаги ҳолат, деб ҳисобланади», дейилади муносабатда.

Билдирилишича, Самарқанддаги MAN-Auto заводида ишлаб чиқариш амалиётида иштирок этиш бугун ҳам муаммо эмас, амалиётда қатнашиш мумкин. Аммо заводда ишлаб қолиш учун талаба ўзининг иқтидори ва билими билан буни исботлаши керак.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги институти банклар учун мутахассислар ҳам тайёрламаган. Мурожаатда қайд этгандек, институт мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун — агрономлар ва механизаторлар тайёрлаган.

«Агар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ташкил этилса, бунга институт ўзидаги бор имкониятлари билан кўмаклашишга тайёр, худди институтнинг Нукус филиали ташкил этилгандек.

Янги филиал ташкил этилиши ҳукумат қарори асосида амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича тўланган тўлов-контракт суммалари СамВМИ томонидан янги филиалга ҳеч қандай муаммо ва эътирозларсиз ўтказилиб берилади.

Талабанинг асосий вазифаси ўқиб-ўрганишдан иборат бўлиши керак. Уларнинг Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига ўқишга қабул қилиниб, Самарқанд ветеринария медицинаси институти дипломига эга бўлиши келгусидаги иш фаолиятига салбий таъсир қилиши ҳақидаги даъволари нотўғри. Таълим муассасаси дипломи киши фаолияти давомида муҳим роль ўйнамайди, муҳими касбнинг ҳақиқий эгаси бўлиш, яъни мутахассисликни тўлиқ эгаллаш. Ҳаётда ўз ўрнингиз ва ўз жойингизни топиш фақат ўзингизга боғлиқ.

Барчамиз ҳукуматнинг бу борадаги қарорини кутишга мажбурмиз. Келгусидаги фаолиятимиз ана шу қарор асосида бўлади», - дейилган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz таҳририятига Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг барча тугатилаётган факультетлари 3–4 босқич талабалари томонидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаат мазмунига кўра, Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг барча тугатилаётган факультетларининг 3–4-босқич талабалари аросатда қолишган. Улар қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топшириб, ветеринария медицина олийгоҳини тамомлашга мажбур бўлишмоқда. Бир қатор йўналишларда ўқиган талабалар янги институт дипломи билан ишга жойлашиш қийинлигини айтишмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top