Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида университет ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгилаб ўтилган.
Матни ЎзАда келтирилган президент қарорида қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
- ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
- замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш;
- ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ветеринария клиникаси, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув-тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
- илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
- етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
- ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
- соҳадаги илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимларини Университетда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга бириктирган ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;
- Университетнинг юқори босқич талабалари ҳамда илмий изланувчиларининг илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларида фаолият юритиши учун шароит яратиш;
- тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Қарор иловасида Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Бошқарув кенгаши тасдиқланган.
Бошқарув кенгашига университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида малакали мутахассислар жалб қилиш, Университет ҳузурида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш, таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш ваколати берилмоқда.
Университет ветеринария медицинаси, ветеринария ва санитария экспертизаси, ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари, ветеринария фармацевтикаси, зооинженерия, ветеринария биотехнологияси, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналишларида кадрлар тайёрловчи таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида фаолият юритади;
Университет ҳузурида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ) ташкил этилади.
Ушбу технопаркда ветеринария лаборатория-диагностика ва профилактика-даволаш клиникаси, сунъий уруғлантириш ва наслчилик-селекция маркази, чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонида парваришланаётган ҳайвонлар учун озуқа етиштириш, жамғариш ва тайёрлаш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатадиган маслаҳат маркази фаолият кўрсатади.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қамаши хизмат кўрсатиш техникуми негизида мазкур университетнинг Қамаши ветеринария медицинаси техникумини ташкил этилади.