22:00 / 02.12.2019
4
30490

1 январдан марказлашган иссиқлик таъминоти хизматларига йиллик тўлов бекор қилиниши мумкин

Бугун, 2 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Тошиссиққуввати» ДУК мутасаддилари иштирокидаги тадбирда вазирлик бўлим бошлиғи Абдулазиз Матрўзиев иссиқлик таъминоти учун тўловлар тарифи ўзгариши бўйича изоҳ берди.

«Президентнинг «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгандан кейин тўловлар тарифи бўйича эътирозлар билдирилди. Бунда кўпчилик томонидан иссиқлик таъминоти учун нархлар ошади, дея нотўғри талқин қилинди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Тўловлар тарифи ўзгармайди, аксинча тизим оптималлаштирилади. Ҳозиргача фуқаролар иситиш тизими учун олдиндан йиллик тўлов амалга ошириб келишмоқда. Иситиш муддати ҳар йили мавсумга қараб ўзгаради. 2018-2019 йилларда бу мавсум 135 кун, 2017-2018 йил 148 кун давом этган.

Кўриб турганингиздек, вазият турлича. Фуқароларимиз нима учун иситиш таъминоти берилган кунлар учун ҳам тўлов қиламиз, дея кўп бора савол беришади. Шуни инобатга олиб, янги қарор лойиҳасида тариф сиёсати ишлаб чиқилди. Унда ҳозиргидан фарқли равишда фуқаролар энди фақат фойдаланилган иситиш таъминоти учунгина ойма-ой тўлов амалга оширишлари мумкин. Бунда иссиқилик таъминоти берилган муддатига - 148 кун учун (тахминан 5 ой) тўлов тарифи белгиланди. Бу муддат мавсумга қараб ўзгариши мумкин. Тўловлар ҳам шунга монанд бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матрўзиевнинг қўшимча қилишича, ҳозирги тизимда 1 м2 учун 1772 сўм тўланган бўлса, янги тариф бўйича 1 м2 учун 143 сўм этиб белгиланади. Тарифлардаги нархлар сақланиб қолганига сабаб тўлов тарифи билан  етказиб бериш харажатлари ўртасидаги тавофут республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилган қарийб 233 млрд. 200 млн. сўм ҳисобига қопланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top