18:20 / 02.12.2019
0
9602

МИБ аҳолининг электр ва газ тўловларини ўзлаштирган почта бўлими ходимларига жиноят иши очди

Аҳоли ўзи истеъмол қилаётган табиий газ ва электр энергияси учун жойлардаги почта алоқа бўлинмаларида ҳам ҳисоб-китобларни амалга оширади. Бироқ тизимда ишлаётган айрим нопок ходимлар аҳолининг коммунал тўловлари учун тўлаган пулларини талон-торож қилишмоқда.

Мажбурий ижро бюросининг Боёвут туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сирдарё вилоят филиали Боёвут туманлараро почта бўлими хабарчилари хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик ва расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларини қасддан содир қилгани аниқланди. Бу ҳақда МИБнинг Сирдарё бўлими матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Жумладан, почта алоқа бўлими ходимларига фуқаролар томонидан электр энергия тўлови учун 149та ҳолатда 17 217 000 сўмлик, табиий газ тўлови учун 17та ҳолатда 3 450 000 сўмлик тўланган жами 166та ҳолатда ўзгаларнинг 20 667 000 сўмлик пул маблағлари ҳисоботларга кирим қилмаслик йўли билан ўзлаштириб юборилган.

Мисол учун, Боёвут туманлараро почта алоқа боғламасининг «Тараққиёт» почта алоқа бўлими бошлиғи Ш.Б. хабарчиси И.Г.дан фуқаролар томонидан электр энергияси тўлови учун 38та квитанцияда 6 607 000 сўмлик, табиий газ тўлови учун 12та квитанцияда 3 000 000 сўмлик жами 50та ҳолатда 9 607 000 сўм тўланган пулларни олиб, Ш.Б.нинг ихтиёрида бўлган ўзгаларнинг 9 607 000 сўмлик пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Боёвут туман бўлими томонидан «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сирдарё вилоят филиали Боёвут туманлараро почта алоқа бўлими ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top