15:00 / 03.12.2019
1
19311

«Режаларимиздан бири - пластик карталардан воз кечиш» — Декабрь ойи охирида HUMOPay ишга туширилиши кутилмоқда

Бугун, 3 декабрь куни, Ground Zero марказида HUMO ва Mastercard тўлов тизимлари ҳамкорлигида амалга оширилган қулай тўлов шакли ҳақида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Миллий банклараро процессинг маркази директори Шуҳратбек Қурбонов HUMO тўлов тизимига оид янгиликлар, қилинган ишлар юзасидан маълумот тақдим этди.

«HUMO тўлов тизими жорий йилнинг май ойида ишга туширилди. 7 ой ичида нималарга эришдик?

Банклар билан ҳамкорликда бутун республика бўйлаб 170 мингдан ортиқ терминалларни ишга туширдик. 2,2 миллиондан ортиқ HUMO контактсиз карталари орқали тўловларни осонгина амалга ошириш мумкин. Мингдан ортиқ банкоматлар ишлаяпти. Уларнинг сони яна оширилади. Етти ой мобайнида тизимда 2,5 трлн сўм пул маблағи айланмаси амалга оширилди. HUMO банкоматлари орқали Visa, Mastercard халқаро карталаридан нақд пул олиш имконияти яратилди.

Келажакдаги режаларимиздан бири - пластик карталардан воз кечишдир. Декабрь ойи охирида HUMOPay тизимини ишга туширишни режалаштирганмиз. Қўлингиздаги телефон орқали тўловларни онлайн амалга оширингиз мумкин бўлади. Кейинги режаларимиздан бири пластик карта ўрнига махсус стикерларни нақдсиз тўлов воситасига айлантиришдир. Сиз бу стикерни доим ёнингизда олиб юрадиган буюмларга, масалан, телефон, қўл соати, ҳамёнга ёпиштиришингиз мумкин бўлади. Пластик картани йўқотиб қўйиш хавотири бўлмайди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қурбоновнинг қўшимча қилишича, болалар учун пластик карта орқали тўлов амалга ошириш бир қанча ноқулайлик олиб келади: йўқотиб қўйиш, бехосдан синиб қолиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, пластик карта ўрнига махсус ақлли соат, билагузуклардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни яқин орада ишга тушириш кўзда тутилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top