Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига қўшилиши мумкин
Бу ҳақда 15 май куни ташкилот раҳбари Николай Подгузов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, банк ва Ўзбекистон ўртасида музокаралар олиб борилмоқда ва кўплаб позициялар бўйича яқинлашув кузатилган. Шу сабабли, ҳозирги вақтда Ўзбекистон банкка қўшилиш учун энг реал номзод деб кўриляпти.
2006 йилда ташкил этилган, устав капитали 7 млрд долларга тенг бу халқаро молия ташкилоти минтақада иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестиция фаолиятини амалга оширади.
Евросиё тараққиёт банкига Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо. Эслатиб ўтамиз, бу рўйхатдаги Тожикистондан ташқари қолган 5 та давлат Евросиё иқтисодий иттифоқи таркибига ҳам киради. Ўзбекистон 2019 йилдан бери бу иттифоққа ҳам аъзо бўлиш истиқболларини ўрганиб келяпти.
Хитойга ташриф – иқтисодий келишувлар
Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида Хитой компаниялари Ўзбекистондаги электр тармоқларини янгилашга жалб этилиши маълум қилинди.
Хитойнинг Sian Electric Engineering компанияси Ўзбекистондаги электр узатиш линиялари ва нимстанцияларни қуришга маблағ ажратади. Energy China инвестицион компанияси эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш фотоэлектр станциялари, Universal Energy компанияси шамол электр станциялари қурилишини молиялаштиради.
Шунингдек, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўлини қуриш бўйича музокараларнинг янги босқичига ўтилди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёр бўлган, эндиликда у экспертизадан ўтказилади. 18 май куни имзоланган уч томонлама келишув темирйўлни қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш моделини аниқлашга қаратилган.
Хитойдан Ўзбекистонга темирйўл қурилса, Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европагача йўл тахминан 900 км, юк ташиш муддатлари эса 1 ҳафтага камаяди. Бу йўлдан йилига 12-15 миллион тонна юк ташилиши мумкин.














