18:09 / 04.12.2019
0
6881

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Беларусь Давлат назорати қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди

3 декабрь куни Давлат назорати қўмитаси раисининг ўринбосари – Молиявий тергов департаменти директори И.Маршалов бошчилигидаги Беларусь Республикаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ташриф буюрди.

Беларусь Республикаси Молиявий тергов департаменти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент бошлиғи Д.Рахимов билан ушрашув давомида Департаментнинг иқтисодий соҳада давлат манфаатларини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, коррупция, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳаларидаги ишлари ҳамда фаолиятининг бошқа устувор йўналишлари билан танишди.

Учрашув давомида томонлар идоралараро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Жумладан, иқтисодий жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш билан боғлиқ вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида фаолиятнинг аниқ йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги тадбирларни ташкил этиш, мавзуга доир тадқиқотлар ўтказиш, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш муҳокама этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Беларусь Республикаси Давлат назорати қўмитаси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

«Мазкур ҳужжат иқтисодий ва молиявий жиноятларга қарши кураш юзасидан самарали ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари иккитомонлама ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини таъминлайди, ахборот алмашишни кучайтиради, шунингдек икки идора фаолиятига ижобий туркти беради», дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top