Жаҳон | 00:48 / 25.11.2020
20711
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко ўзини ҳокимиятдан четлатишнинг ягона йўлини айтди

Фото: БелТА

Беларус президенти Александр Лукашенко охирги вақтда Ғарб давлатлари Беларусдаги  “мавжуд тузумни ағдариш мақсадида” ҳукуматга ва шахсан унинг ўзига турли таъсир этиш схемаларини қурмоқда. Бироқ Лукашенконинг айтишича, уни ҳокимиятдан четлатишнинг ягона йўли бор.

Беларус президенти бу ҳақда Минскда хорижий давлатлар элчиларига ишонч ёрлиқлари топширилиши маросимида айтиб ўтди.

“Охирги вақтда Ғарб давлатлари Беларуснинг келгуси ривожланиши борасида қаттиқ ташвишланмоқда, жуда қайғурмоқда ва мавжуд тузумни ағдариш мақсадида Беларус ҳукумати ва президентига турли таъсир этиш схемаларини қурмоқда. Улар шунгача боришдики, бу жараёнга Россияни жалб қилишмоқчи, бироқ буни қандай қилишни билишмайди”, деб айтган Лукашенко.

Беларус президентининг таъкидлашича, уни ҳокимиятдан четлатишнинг биргина имкони мавжуд. 

“Шу муносабат билан айтмоқчиманки, Беларус президентини ҳокимиятдан четлатиш мумкин. Бунинг йўлини айтишим мумкин, у битта, бошқа йўл йўқ: фақатгина Беларус халқи бугунги кунда мавжуд бўлган қонунлар ва конституция асосида буни қила олади. Кўриб турганингиздек, бугунги кунда Беларусда фаолият олиб бораётган ғарб дипломатлари ва Ғарбда бу масаладан қайғураётганларни безовта қилаётган барча масалаларга оддийгина жавоб бор”, деб таъкидлаб ўтган Беларус раҳбари. 

Лукашенконинг айтишича, беларуслар мамлакат суверенитети, анъанавий қадриятлар ва ҳудудий яхлитликни ҳимоялай олишларини исботлашди.

“Бир неча марта айтганман ва яна айтаман, фақатгина халқимиз Беларус давлати келажакда қандай тараққий қилишини ҳал қилади”, деб қўшимча қилган Лукашенко.

У Беларус бошқа давлатлар, жумладан, ғарб давлатлари билан самарали ва можароларсиз ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтган. 

“Бунда биз, шубҳасиз, ҳар қандай сиёсий ва иқтисодий босимни истисно этамиз. Беларус ҳамкорлар билан мулоқотда очиқ-ойдинлик, тенгҳуқуқлик ва виждонлилик тамойилларига амал қилади. Бизга ҳар қандай босим ўтказиш ва умуман қандайдир санкциялар киритиш... Очиқчасига ва ростини айтаман: худди шундай жавоб чоралари кўрилади ва улар биринчи навбатда Европа ҳамжамияти учун оғриқли бўлади. Шу сабабли бу йўлдан бормаслигимиз керак”, деб айтган Лукашенко.

Мавзуга оид