17:00 / 04.12.2019
12
32100

«Совқотмаяпсизми, талаба?» — Тошкент давлат аграр университетининг Андижондаги филиалида

 Қиш ҳали қиличини қайраб келганича йўқ. Ҳаво бироз совиди холос. Бироқ, ноябрь ойи ярмидан бошлаб таҳририятимизга «фаслий мурожаатлар ёмғири ёғилди». Мавзу бир хил: «Газ йўқ, кўмир қиммат, электр ўчяпти».

 Совуқ фасл кўплаб ташкилотларнинг куз-қиш мавсумига қай даражада тадорик кўрганини кўзгу сингари кўрсатиб беряпти.

 Айниқса, бундай мурожаатлар таълим даргоҳлари ва шифохоналардан тушаётгани ачинарли. Навбатдаги арзномани ўргангани Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалига бордик.

 Нуфузли олий таълим муассасасида 3800 нафардан зиёд талаба ўқийди. Олий даргоҳнинг талаба ва ўқитувчилари аудиториялар совуқлигидан шикоят қилишган.

 «Қандай совуқ шароитда дарс ўтаётганимизни бир кўриб кетинг!», дейилган эди мурожаатда.

 Ректор ўринбосари Муроджон Отажонов билан бирга ўқув хоналари, ётоқхона ва кутубхонадаги ҳолат билан танишдик.

«Қишлоқ хўжалик машиналари ва техник сервисни ташкил этиш» кафедраси биносидамиз.

Аудиторияда сув хўжалиги мелиорацияси факультети 4-курс 51, 52 ва 53-гуруҳларининг дарс жараёни тугаётган экан. Ўқув хонасида иситиш тизими ишламаётганидан ўқувчилар пальто кийган ҳолда, бошларида қалпоқлари билан ўтиришибди. Бир партада уч-тўрттадан бир-бирига ёпишганича ўтириб маъруза тинглаётган ёшларга ҳавас қилиб бўлмайди. Ўқитувчи ҳам пальто ва телпак кийиб олган.  

 

Электр иситгич ҳам йўқ экан. «Совуқлиги учун иссиқ курткада ўтирибмиз», дейди талабалардан бири Сайёра Абдуллаева.

 Бинонинг «Замонавий қишлоқ хўжалик техниклари техник сервиси» ўқув хонасида 17 нафар талаба дарс олаётган экан. Улар ҳам бош кийимларини ечишмаган.

 «Икки ҳафта, совуқ кунлар бошланганидан бери иссиқ кийимларимизда ўтирибмиз», дейди ўзини 4-курс талабаси Саиджон Солижонов деб таништирган талаба.

 Яна бир ўқув хонасига кирдик, «Касбий таълим» факультети, 4-курснинг 12-гуруҳ талабалари дарси тугаш арафасида экан. Хонада марказлашган иссиқлик тизимига уланган батареялар мавжуд. Лекин, ушласангиз қўлингиз музлайди. Талабалар электр иситгичлардан доимий фойдаланишга розеткалар чидамаслигини, филиал раҳбарларининг талабаларга бир ойдан сўнг янги бинога ўтишлари ҳақида маълумот беришганини айтишди.

 Талабалар ётоқхонасида бўлдик. Ётоқхонада иссиқлик етарли даражада экан. Олийгоҳ кутубхонасига борганимизда у ерда ҳам иситиш тизими кўнгилдагидек ишлаётганига гувоҳ бўлдик.

Шундан сўнг олийгоҳнинг талабалар «Иқтисодиёт» деб атайдиган факультети биносидаги шароитлар билан танишдик. Мазкур бинода ҳам хоналар жуда совуқ. Ўқувчилар иссиқ кийимларда таълим олишмоқда.

Ёшлар ичида ўз ўқитувчиларидан уялиб, «Совқотмаяпмиз, қийинчиликлар йўқ», деганлари ҳам бўлди. Улар ўз устозларини хижолатга қўймасликка уринаётгани ижобий ҳолат. Лекин, хоналардаги «батарея»ларда кўп вақтдан бери иссиқлик юрмаган.

 Мазкур ҳолат бўйича ОТМ ишлар бўлими раҳбари Нодирбек Солиев изоҳ берди.

 «Қишлоқ хўжалик машиналари ва техник сервисни ташкил этиш» ва «Иқтисодиёт» кафедраси биноларида иссиқлик тизими кўп йиллар давомида ишлаши натижасида сув айланиши ва «батарея»ларда муаммолар келиб чиққан. Айни пайтда шу соҳага ихтисослашган фирма билан шартнома тузиб, тўлиқ кўрикдан ўтказяпмиз. Соҳа мутахассислари иш олиб бораётганига ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Шу ҳафта охирига иккала бинодаги иситиш тизимида муаммо қолмайди.

 Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш давомида 191 тонна кўмир захираси тайёрланди. Ҳозирги кунда кўмир-ўтин захирамиз етарли. 273 миллион сўм маблағ-смета тасдиқланиб янги табиий газ тармоғи тортиш ишлари бошланган. Газ тармоғи узоғи билан 15 кунда ишга тушади. Факультетларни янги бинога кўчирамиз. Янги биноларга замонавий қозонхоналар ўрнатилган. Айнан иккита бинода муаммо бор. Кейинги ҳафтага ОТМда иссиқлик тизими бўйича муаммолар қолмайди», дейди Нодирбек Солиев ишонч билан.

Мутасаддилар янги бинолар битгач, ҳаммаси изга тушиб кетишини билдиришди. Мавжуд биноларда эса совуқ мавсумга тайёргарлик ишлари ўз вақтида бажарилмаган.

 Талабаларнинг айни кунларда совуқ ва шароитсиз хоналарда таълим олаётгани ачинарли ҳолат. Мамлакат келажаги бўлган ёшлар ва ўқитувчилар - кенг, ёруғ ва барча шарт-шароитларга эга муассасада ўқишлари ва ўқитишлари керак. Совуқ хоналарда таълим сифати ҳақида гапиришнинг ўзи қийин масала.

 Kun.uz мазкур муаммога яна қайтади.

Журналист Элмурод Эрматов
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top