23:39 / 12.12.2019
0
6605

Хитойнинг икки шаҳридан Ўзбекистонга мунтазам рейслар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда 

11 декабрь куни Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ва B2B учрашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги делегация, шунингдек Хитойнинг LoongAir авиакомпанияси президенти Лю И ҳамда туристик бизнес вакиллари иштирок этишди.

Абдулазиз Аққулов тадбирни очиб берар экан, LoongAir авиакомпаниясига икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди ҳамда 2020 йилнинг 1 январидан Хитой фуқаролари учун визасиз режим эълон қилинишини, бу Ўзбекистонга янги рейсларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш учун хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. 

LoongAir компанияси президенти Лю И, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти юқори эканини таъкидлаган ҳолда, тез орада ХХРнинг Чэнду ва Хэнчжоу шаҳарларидан Ўзбекистонга мунтазам рейсларни йўлга қўйишни режалаштираётгани қайд этди.

“2020 йилнинг 1 январидан Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича визасиз режим йўлга қўйилишини инобатга оладиган бўлсак, келгусида Хитойнинг Чэнду ва Хэнчжоу шаҳарларидан мунтазам рейсларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади”, дея изоҳ берди Лю И.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига доир тақдимот ўтказилди. Унда сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилган қатор ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар, Ўзбекистон туризми бўйича хитойлик сайёҳларни қизиқтириши мумкин бўлган маълумотлар билан бўлишилди. 2020 йилдан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги рейслар сони 9 тадан 15 тага етказилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, тақдимот давомида Ўзбекистоннинг қўҳна шаҳарлари - Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, ўзбек миллий қўшиқлари ва жозибадор рақслари тадбирга ўзгача кайфият бағишлади.

Шундан кейин Ўзбекистондан ташриф буюрган туристик ташкилотлар ҳамда Сиань шаҳри туристик бизнес вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилиб, икки давлат ўртасидаги туристик оқимни оширишга йўналтирилган ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олинди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top