15:57 / 17.12.2019
7880

Тошкент вилояти сайловчилари диққатига!

Ривожланган мамлакатда, табиийки, фуқароларнинг турмуш даражаси юқори бўлади. Ҳар бир давлат эса мана шу мақсад сари интилади. Ўзбекистонни аҳоли турмуш даражаси ва сифати бўйича дунёнинг ўрта ривожланган давлатлари даражасига олиб чиқиш учун мамлакатда иқтисодий барқарорлик таъминланган бўлиши лозим. Халқ демократик партияси ушбу мақсадда ўзига қатор устувор вазифаларни асосий дастуриламал қилиб олган.

Партия ушбу мақсадга эришиш йўлларини белгилашда, давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Тошкент вилоятидан кўрсатилган номзодлари ҳам бу борада ўз режа ва мақсадларига эга.

Акмалжон Умаралиев, кон ишлари бўйича инженер-электрик, 87-Ангрен сайлов округидан номзод:

— Фаолиятим давомида аҳолининг турли қатламлари билан учрашиб, уларнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари ва хоҳиш-истакларини ўргандим. Натижада жамиятда ижтимоий масалалар устуворлик касб этишига яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, ижтимоий заиф қатлам, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар дардини тинглаб, улара ечим топиш керак, деган хулоса келдим. Пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари манфаатлари қонунчилигимизда батафсил акс эттирилишида ташаббускор бўлиш ниятидаман.

Рахмон Рахманов, педагог, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ўқув маркази раҳбари, 88-Бекобод сайлов округидан номзод:

— Инсон қачон ўзини хотиржам ва бахтли ҳис этади? Қачонки рўзғори бут, эҳтиёжлари таъминланган бўлса, албатта. Бунинг учун одам доимий иш ўрнига, оиласи ва ўзи учун етарли маблағга эга бўлиши лозим. Меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, жумладан, меҳнат бозорига энди кириб келган таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб шароитга эга ҳамда муносаиб ҳақ тўланадиган иш билан банд қилиш энг устувор вазифалардандир.

Облаёр Шарипов, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, “Қишлоқ қурилиш банк” ғазначилик департаменти бошлиғи, 89-Бўка сайлов округидан номзод:

— Партиямиз, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қори ижтимоий таъминланганлик даражаси — жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори, деб ҳисоблайди. Демак, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини амалиётга киритилиши зарур.

Кизилгул Қосимова, шифокор, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 90-Бўстонлиқ сайлов округидан номзод:

— Халқ демократик партияси фикрича, аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш, айниқса, ижтимоий хавфи бор касалликларни даволаш ва олдини олиш — ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир. Бунда мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, шунингдек, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқишда фаол иштирок этишни мақсад қилганман.

Мақсуда Ворисова, шифокор, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 91-Зангиота сайлов округидан номзод:

— Биз жамиятнинг ҳар бир аъзосига саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратилиши тарафдоримиз. Бунинг учун қонунчиликда соҳага доир янги меъёрлар, тартиб-қоидалар жорий этилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, партия “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этмоқда. Бу орқали аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори-дармон, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкони ортади.

Нигара Юлдашова, педагог, Тошкент вилояти Оҳангарон туман мактабгача таълим бўлими мудири, 92-Олмалиқ сайлов округидан номзод:

— Инсон доимий ва муносиб иш ўрнига эга бўлиши учун у бирор бир касб ёки ҳунар эгаси бўлиши лозим. Шунинг учун ёшларни ўқитиш, таълим самарадорлигини ошириш, олий таълимда барча учун тенг имкониятлар яратиш лозим.

Булардан бири, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш бўлса, яна бир муҳим масала, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтириш. Уларнинг бинога, синф ва хоналарга тўсиқсиз, эмин-эркин кириб-чиқишига шароит яратиш, аудио визуал ҳамда брайль ёзувидаги адабиётларни кўпайтириш, компьютер технологияларидан фойдаланиши учун қулайликлар жорий этиш муҳим ҳисобланади.

Мураджан Насиров, иқтисодчи, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма Кенгаши раиси 94-Нурафшон сайлов округидан номзод:

— Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат фаолияти давомида ҳимоя қилиш партиямиз ҳамиша устувор йўналишлардан бўлиб келган. Бундан кейин ҳам ушбу амалиётни давом эттирган ҳолда, олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича таклиф тайёрлаш ҳамда уни парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни режалаштирган.

Раъно Турдибоева, ҳуқуқшунос-педагог, Тошкент давлат аграр университети академик лицейи директори, 95-Чиноз сайлов округидан номзод:

— Ўйлаймизки, жамиятда тенглик яратишнинг, ижтимоий демокрактиянинг бош мезони бу фуқароларнинг даромадини ошириш, улар учун ҳар томонлама муносиб иш ўринлари яратишдан иборат. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур. Хусусан, тадбиркорларни ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш керак, деб ҳисоблайди.

Масалан, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий тўловларнинг дифференциал ставкаларини белгилашни таклиф этади. Бунда корхона тўлайдиган ўртача иш ҳақи қанча юқори бўлса, ягона ижтимоий тўлов миқдори шунча пасаяди.

Зухра Миргазиева, педагог, Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, 96-Чирчиқ сайлов округидан номзод:

— Бандлик сиёсатининг муҳим шартларидан бири бу хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш масаласидир. Шундан келиб чиқиб, партия уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг давлат-хусусий шериклигининг тегишли шаклларидаги иштирокини ошириш бўйича эҳтиёжларини аниқлаш ва ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишни режалаштирган.

Отабек  Мирсагатов,  банк иши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Тошкент вилояти минтақавий филиали бошлиғи, 97-Қибрай сайлов округидан номзод:

— Ижтимоий иқтисодиёт барчанинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партия маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳудудларнинг истеъмол товарларга эҳтиёжини ўрганиш ҳамда аҳолининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол талабини ривожлантириш режасини тайёрлаш зарур деб ҳисоблайди. Бунда, тегишли худудларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун зарур ресурслар мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.

Бундан ташқари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу ҳолат ички бозорда тақчиллик келтириб чиқармаслиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ошириб юбормаслиги лозим, деб ҳисоблайди. Ана шунда сотувчининг ҳам, олувчининг ҳам манфаатларига путур етмайди.

Меҳрожидин Дарханов, журналист, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 98-Янгийўл сайлов округидан номзод:

— Бандлик, тиббиёт, таълим ва бошқа қай бир соҳада бўлмасин, инсон шаъни, қадр-қиммати, манфаатлари устуворлиги таъминлаши, тенглик ва адолатнинг энг муҳим шартидир. Бугун техника ва ахборотлар асрида яшар эканмиз, ижтимоий бирдамлик тинчлик ва фаровонликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини унутмаслик зарур.

Партиямиз ушбу масалага доир вазифаларини фуқароларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ҳамда миллий мустақиллик ғоясини мустаҳкамлаш бўйича давлат ва фуқаролик жамияти институтлари олиб бораётган ишларни изчил қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширади.

Шу муносабат билан, партия оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда ўзининг барча ташкилотларининг янада фаол иштирокини таъминлашга интилади.

Зухра Шадиева, халқаро иқтисодий муносабатлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети жаҳон иқтисодиёти кафедраси доценти, 99-Дўстобод сайлов округидан номзод:

— Халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнимиз, сўзимиз ва позициямизга эга бўлишимиз бевосита мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижтимоий тенглик ва ижтимоий демократия тамойилларининг қанчалик жорий этилгани билан боғлиқдир. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатда ижтимоий демократия тизимини шакллантириш тарафдори. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат, жамият ва суд-ҳуқуқ соҳаларида тенгликни таъминлаш демакдир.

Шу билан бирга, партия ижтимоий тенгликни таъминловчи масалалар бўйича процессуал механизмларни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди.

Халқ демократик партияси номзодлари ўз дастурларида кўрсатиб ўтилган устувор вазифаларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Сайловчилар барча учун тенг имконият, мақбул шароит яратилиши билан боғлиқ ғояларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати

Top