Ўзбекистон | 13:38 / 06.09.2021
10160
4 дақиқада ўқилади

Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

2021 йил 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XII қурултойи бўлиб ўтди. 

Фото: KUN.UZ

Қурултойда 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигининг янги тамойиллари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида, очиқ ва шаффоф ўтказилиши, сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити, тенг шароит яратилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди.

Партия Марказий Кенгашининг 7 август куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.

Мақсуда Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – шифокор. Ўзбекистон ХДП аъзоси.

Қурултойда номзод масаласи бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар тингланди. Муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисовани номзод сифатида кўрсатиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди.

Маълум қилинишича, М.Ворисованинг Президент сайловида номзод сифатида кўрсатилиши партия тарихида янги саҳифа очади, у киши Халқ демократик партиясидан Президентлик учун биринчи аёл номзод бўлади.

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Сайловолди Дастури тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Дастур лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишдир. 

Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан:

  • аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш; 
  • ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;
  • олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
  • аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;
  • пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимни шакллантириш;
  • кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш; 
  • ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш; 
  • умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш.

Мавзуга оид