Хусусий нотариат тизими: амалиётда мавжуд бўлмаган 7 илғор янгилик
Куни кеча парламент юқори палатасида нотариат тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди. Унда нотариат тизимида том маънода «инқилобий» ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳар қандай шахс кундалик ҳаётида бирор-бир ҳуқуқий муносабатга киришади. Кимдир меросга эга бўлса, яна кимдир ижара, олди-сотди, ҳадя, кредит муносабатлари билан тўқнашади. Ҳар бир ҳолатда муайян бир нотариал ҳаракатлар амалга оширилади. Шу боис, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт — нотариат фаолият кўрсатмоқда.
Сўнгги уч йилда президент ташаббуси билан кўп соҳаларида шиддатли, ўз самарасини бераётган ислоҳотлар олиб борилмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йил учун белгиланган Давлат дастурида нотариат органлари тизимини ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган эди.
Унга кўра, босқичма-босқич нотариатнинг фаол бюджетдан ташқари моделига ўтиш ва уни фуқаролик-ҳуқуқий ва иқтисодий низоларини олдини олишга қаратилган институт сифатида янада ривожлантириш кўзда тутилган эди.
Бу борада президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5816-сон Фармони билан 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идоралари босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиниши белгиланди.
Бугунги кунда амалиётда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишдан манфаатдор эмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар кўп. Давлат нотариал идораларида навбатлар вужудга келмоқда, коррупцион ҳаракатлар учрамоқда.
Шунингдек, нотариал ҳаракатлар сони ортиб бораётган бир вақтда давлат нотариал идораларига қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёнининг мураккаблиги мурожаат этувчиларнинг сони ва иш ҳажмига мос равишда хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатда бор-йўғи 900та штат бирлигида 811 нафар нотариус фаолият кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткич, ривожланган мамлакатлар билан солиштирганда анча кам. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, лотин туридаги ҳар бир нотариусга ўртача 18 948 киши тўғри келмоқда.
Масаланинг ҳуқуқий ечими аниқ белгиланмоқда
Жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Cенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси доирасида ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилган «Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни маъқулланди.
Қонунда қонунчилик ва нотариат амалиётида мавжуд бўлмаган илғор янгиликлар ўрин олган. Хусусан:
Биринчидан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш асослари ҳамда улар фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланмоқда. Яъни, давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, хусусий нотариуслар хизмат нархларини мустақил белгиламайди. Нотариал ҳаракатлар учун тўловлар миқдори Ҳукумат томонидан белгиланади. Бунда давлат ва хусусий нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар бир хил юридик кучга эга бўлади.
Иккинчидан, Адлия вазирлигига муайян ҳудуддаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш ваколати берилмоқда. Эндиликда юртимизда фаолият юритадиган нотариусларнинг максимал сони чегараланмайди.
Учинчидан, нотариусларни бирлаштирувчи ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона тузилма сифатида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ташкил этилмоқда. Унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унга аъзо бўлган нотариат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш тизими йўлга қўйилмоқда.
Тўртинчидан, ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги малака комиссияларининг стажировкадан ўтган шахслардан имтиҳон олиш ваколати тугатилиб, уларга нотариус лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилмоқда.
Бешинчидан, нотариусларга медиатор вазифасини бажариш, далилларни таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтини тасдиқлаш, ҳужжатнинг электрон шакли унинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эгалигини тасдиқлаш каби ваколатлар берилмоқда.
Олтинчидан, масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш механизмини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Еттинчидан, фуқароларни нотариус касбий мажбуриятларини бузиши натижасида етказиладиган зарардан муҳофаза қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталаш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш ҳамда янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш, мол-мулкларни ижарага, текин фойдаланишга беришда айрим талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу битимларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда, Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида», «Ипотека тўғрисида», «Лизинг тўғрисида»ги Қонунларга бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талабини бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилмоқда.
Масалан, банк ва бошқа кредит ташкилотларига мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечиш имкони берилмоқда. Бу ўзгартириш жисмоний ва юридик шахсларга кредит ажратиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга барҳам беради.
Нотариат фаолияти хорижий мамлакатларда қандай йўлга қўйилган?
Хорижий тажрибада нотариатнинг лотин ва англо-саксон турлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон лотин нотариат турига мансуб ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, нотариатнинг ҳар икки турида ҳам нодавлат шакли устунлик мавқейига эга.
Бугунги кунда аксарият хорижий давлатлар (Германия, Франция, Италия, Эстония, Австрия, Венгрия, Туркия ва бошқа), шу жумладан МДҲ давлатларида (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташқари) лотин нотариати принципларига асосланган нотариатнинг фаол нодавлат шакли муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Илғор хорижий тажриба жисмоний ва юридик шахсларнинг низоларни олдини олиш функциясини бажарувчи нотариатнинг фаол нодавлат моделига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бундай нотариат ўзгарувчан ижтимоий жараёнларга мослашган ҳолда жавоб бериш, истеъмолчиларнинг талаблари доирасида тез ўзгара олиш қобилиятига эга. Шунга кўра, нотариат институтининг фаол позицияси ва уни низоларнинг олдини олиш воситаси сифатида такомиллаштириш давлат хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади.
Кўплаб мамлакатларда нотариусларни бирлаштирувчи нотариал палаталар (иттифоқлар) мавжудлигини хорижий тажриба ҳам кўрсатмоқда. Бундай турдаги нотариусларнинг ҳамжамияти Лотин нотариатининг Халқаро иттифоқига аъзо бўлиб кириши мумкин.
Масалан, Германияда Нотариал палата ташкил этилган бўлиб, унга бирлашган барча нотариусларнинг мажмуини ифодалайди. У ўзининг аъзолари обрўси ва нуфузини ошириш чораларини кўради, уларнинг фаолиятида назорат қилувчи органларни қўллаб-қувватлайди, нотариат ҳуқуқи бўйича фаолликни тақдирлайди ҳамда нотариуслар ва стажёрлар томонидан ўзларининг лавозим мажбуриятларини виждонан ва ҳаққоний бажариши бўйича ишларни ташкил этади.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали қандай натижаларга эришилади?
Нотариатнинг фаол нодавлат шаклига ўтиши натижасида нотариуснинг моддий манфаатдорлиги ошиши аҳолига тезкор ва сифатли нотариал хизмат кўрсатишини таъминлайди. Унинг низоларнинг олдини олувчи институт сифатида янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси барча нодавлат нотариал идоралари нотариусларини бирлаштирувчи, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона ташкилот бўлиши шубҳасиз.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси хорижий давлатларнинг ўхшаш ташкилотлари билан халқаро алоқалар ўрнатиши, шунингдек, бу соҳада хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратилади.
Нотариусларнинг давлат нотариатидан нодавлатга ўтиши жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш даражасини оширади ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси изчиллик билан амалга оширилишини таъминлайди.
Валишер ДАВЛАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
ТДЮУ мустақил изланувчиси.