Жамият | 13:30 / 18.12.2019
9273
4 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Эркинжон Турдимов сайловчилар билан учрашди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар жойларда Сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда.

2-Афросиёб сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод Эркинжон Турдимов ҳам Самарқанд давлат университети қошидаги академик лицейда сайловчилар билан учрашди.

Учрашувни номзодни депутатликка кўрсатган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиев олиб борди ва тўпланганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди. Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Эркинжон Турдимов ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод сайловолди дастурида шаҳар аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, миллий маънавиятимизни юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Бу борада амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ва уларнинг самаралари хусусида сайловчиларга атрофлича ахборот берди.

Номзод, шунингдек, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот етказди. Йўлларни равонлаштириш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бажарилаётган ишлар кўламини таққослаш учун кейинги 10 йилда шаҳарда бор-йўғи 130 км. ички йўллар, биргина жорий йилда эса шаҳарнинг 180 км масофадаги ички йўллари таъмирланганини мисол қилиб келтирди. Бундай бунёдкорлик ишлари 2020 йилда ҳам жадал суръатларда давом этишини билдирди.

Учрашувда сайловчилар ўзларини қийнаб келаётган айрим масалалар юзасидан номзодга мурожаат қилишди. Мурожаатлар асосини йўлларни таъмирлаш, электр симларини янгилаш, ҳажга борувчиларнинг электрон навбатини шакллантириш, бозорларни тартибга келтириш, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этиш каби масалалар ташкил этди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод Эркинжон Турдимов шу куни шаҳарнинг Фарҳод қўрғонида ва 10- сон умумтаълим мактабида   ҳам сайловчилар билан учрашди. Номзод учрашувларда аҳолини ўз сайловолди дастури билан яқиндан таништириб, сайловчиларни қийнаб келаётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан мулоқотга киришди.

Фарҳод қўрғонида истиқомат қилаётган фуқаролар куз-қиш мавсумида иситиш тизимининг ишламаслигидан шикоят қилиб, шу муаммони бартараф этишда номзоддан амалий ёрдам кўрсатишини сўради. Болаларнинг қишда спорт билан шуғулланишлари учун қўрғончада ёпиқ спорт зали қуриш зарурати мавжудлиги айтиб ўтилди. Эскирган тоза ичимлик суви қувурларини янгилари билан алмаштириш, табиий газ ва тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳудудда тўпланиб қолаётган чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетишда ҳам муаммолар кузатилаётгани таъкидланди.

10-сон умумтаълим мактабида кечган самимий руҳдаги учрашувда ҳам сайловчилар номзодга мавжуд муаммолар бўйича фикрларини очиқ баён этишди. Жумладан, шаҳарда канализация тармоғини яхшилаш, кўчаларда юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш, автотураргоҳлар қуриш, эски шаҳарнинг қадимий қиёфасини асл ҳолича сақлаб қолиш, маданий мерос объектларига бўлган эътиборни янада кучайтириш, сифатсиз дори-дармонлар савдосига чек қўйиш масаласи долзарб вазифалар сифатида кун тартибига олиб чиқилди. 

Номзод сайловчилар билан бўлган учрашувларда кўтарилган барча масалаларга ўз муносабатини билдириб, муаммолар ечими бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарди.

Ёлқин Оқбўтаев,
ЎзМТДП Самарқанд вилоят
Кенгаши Матбуот котиби 

Мавзуга оид