22:55 / 28.12.2019
2
34577

Яна пақилдоқ мавзуси: пиротехника воситаларидан фойдаланишдан кўрилаётган зарар кўлами қандай?

Ҳар янги йил шу бўлар такрор... Пиротехника бўйича сўз юритиш, ҳар йилги мавзуни яна бир таҳлил қилиш зарурияти туғилди. Бу масала юзасидан бир неча экспертлар билан суҳбатлашдик.

Дастлабки суҳбатдошимиз Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказининг комбустиология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Абдулазиз Фаёзов.

– Янги йил байрам кунларида айнан пиротехник воситалар туфайли жароҳат олганлар ва тиббий ёрдамга мурожаат қилганлар статистикаси олиб бориладими?

– Янги йил байрами кунларида пиротехник воситалар билан куйиш жароҳатини олишни назорат қилиш мақсадида доимий статистика олиб борилади. Натижалар шуни кўрсатадики, сўнгги йиллар мобайнида ички ишлар, ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бу турдаги жароҳатланишлар кескин камайган. Агарда бундан 5-6 йил аввал янги йил кириш кунларида пиротехника воситалар билан куйиш жароҳатларини олиш жуда кўп кузатилган бўлса, бу йил бундай мурожаат қилганлар булмади.

– Пиротехника воситаларининг соғликка асосий хавфларини санаб ўтсангиз.

– Пиротехника воситалари инсон организмига қуйидагича салбий таъсирларни кўрсатиши мумкин:

·        тананинг юз, кўз, қўл соҳаларида оғир чуқур куйиш жароҳатларининг юзага келиши;

·        кўзларнинг шикастланиши натижасида кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилиши;

·        олинган куйиш жароҳатидан кейин пластик операциялар ўтказишга муҳтожлик;

·        куйган соҳаларида дағал чандиқлар, қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши;

·        асоратлар беморларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши кузатилади.

– Бундай воситалар туфайли келиб чиққан жароҳатлар пайтида биринчи ёрдам тўғрисида тушунча берсангиз.

– Авваламбор бундай шикастланишлар асосан мактаб ёшидаги болаларда кузатилишини ҳисобга олсак, биз ёши катталар томонидан қатъий назорат олиб борилиши талаб этилади. Пиротехник воситалар таъсирида куйиш жароҳати юзага келган ҳолатларда куйган соҳаларни совуқ сув билан ювиш ҳамда куйган соҳаларга ўзи билмаган ҳолда турли хил дори воситаларини ишлатмаслик зарур. Биринчи навбатда асептик боғлам қўйиб, тез тиббий ёрдам хизмати ёки шифохоналарнинг куйганлар бўлимига мурожаат қилиниши зарур.

Галдаги суҳбатдошимиз Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов

– Пиротехник воситалар ноқонуний олиб кирилиши олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берсангиз.

– Одатда янги йил яқинлашиб келиши билан, пиротехника воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга ва ноқонуний савдосига уринишлар кўпаяди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона органлари томонидан 234 та ҳолатда умумий қиймати 4 миллиард 551 миллион сўмлик 3 миллион 569 минг 364 дона пиротехника воситалари ушлаб қолинган.

– Бундай воситалар аниқланиб, мусодара қилингандан кейин қаерда сақланади ва қай тартибда йўқ қилинади?

Пиротехника воситалари аниқлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 200-сонли Қарори талабларига мувофиқ ваколатли орган мансабдор шахси томонидан бир сутка муддатда мол-мулкни сақлаш учун жойлаштириш масаласи ҳал қилинади.

Бунда, олиб қўйилган мол-мулк, қоидага кўра, сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармалари мол-мулкни сотиш бўйича хизматлар кўрсатишга белгиланган тартибда шартномалар тузган ва мол-мулкни сақлаш учун тегишли жойларга эга бўлган савдо ташкилотларига берилади.

Шунингдек, аниқланган пиротехника воситаларини йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги кучга кирган суд қарори асосида тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўрнатилган тартибда йўқ қилинади.

Масалан, Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамият номига олиб келинган ёғоч маҳсулотлари орасига йирик миқдордаги пиротехника воситалари ва биофаол қўшимчалар яширилганлигини аниқлаб, мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди ҳукмига мувофиқ, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи 102 118 дона пиротехника воситалари ҳамда 5 613 дона сифати кафолатланмаган биофаол қўшимчалар Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда тегишли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Бу масала юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази раҳбари Ирина Сайфутдинованинг фикрларини ҳам олдик.

– Пиротехника воситаларининг яширинча сотилишига қарши кураш бўйича маълумотлар билан ўртоқлашсангиз.

–Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лицензиясиз пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2501-моддада (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

– “Пақилдоқ отувчилар” устидан шикоятлар тушиб турадими, улар қай тартибда кўриб чиқилади ва қандай жазолар назарда тутилган?

– Албатта, бундай шикоятлар айниқса байрам кунлари жуда кўпаяди. Ходимларимиз зудлик билан жойларга чиқиб, керакли чораларни кўрадилар. Ички ишлар ходимлари чора кўриш билан чекланмай, бу масала юзасидан аҳоли ўртасида, айниқса мактабларда болалар билан профилактик суҳбатлар ҳам ўтказиб борадилар. Чунки ёш авлод бу хавфни тўла англаб етмайди.

Пиротехника бўйича яна бир муҳим соҳа – ёнғин хавфсизлиги бўйича маълумотлар олиш учун “Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси”нинг ОАВ вакиллари билан ишлаш бўлими раҳбари Жалолиддин Ҳакимов билан ҳам ҳамсуҳбат бўлдик.

– Айнан пиротехник воситалар туфайли келиб чиққан ёнғин ҳолатлари бўйича маълум давр статистикаси мавжудми?

– Мавжуд. 2018 йилда айнан пиротехника воситалари туфайли 3та ёнғин ҳолати келиб чиққан. Қувонарли томони, уларда куйиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Аммо фуқаролар мол-мулкига 96 млн. сўмлик моддий зарар етказилган.

2019 йилнинг ўтган 11 ойи давомида пиротехника воситаларидан фойдаланиш оқибатида 5та ёнғин келиб чиққан. Тан жароҳати олганлар, ҳалок бўлганлар йўқ. Кўрилган моддий зарар 11млн 776 минг сўмни ташкил этган.

– Шу воситалар ишлатилганда эҳтиётсизлик туфайли келиб чиққан йирик ёнғинлар тўғрисида аниқ мисоллар келтирсангиз.

– 2018 йил 1 январь соат 00:14 да Тошкент вилоятида пиротехника воситаларидан фойдаланишда эҳтиётсизлик туфайли ёнғин келиб чиққан. Сана ва вақтга эътибор берсангиз, айнан янги йил кириб келган пайт. Байрамни нишонлаш, шодлик пайтида кўпчилик диққатни йўқотади. Бу эса кўнгилсизликларга сабаб бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизга, айниқса болаларга эҳтиёткор бўлишларини сўраб қолган бўлардим.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top