Иқтисодиёт | 20:47 / 30.12.2019
9157
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк халқаро пул ўтказмалари ишламаётгани бўйича изоҳ берди

Марказий банк ахбороти халқаро пул ўтказмалари тизимлари байрам олди кунлари фаолият юритмаётгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдириб, халқаро пул ўтказмалари тизимлари фаолияти юзасидан изоҳ берди.

«Айрим банклардаги халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ янги йил олди узилиши ҳолатлари, хорижий давлатлардаги байрам таътиллари муносабати билан халқаро пул ўтказмалари операторларининг чекланган фаолияти билан изоҳланади.

Банклар томонидан аҳолига халқаро пул ўтказмалари фаолиятидаги узилишларига оид эълонлар амалда олдиндан бериб борилади.

Таъкидлаш жоизки, амалиётда халқаро пул ўтказмалари янги йил олди байрам кунлари фаолият юритмаслиги одатий ҳол бўлиб, ушбу ҳолат ҳар йил якунида кузатилади.

Шу билан бирга ҳозирги кунда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилиш ва хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида, айрим банклар томонидан онлайн халқаро пул ўтказмалари хизмати йўлга қўйилган ва улардан масофадан туриб исталган вақтда мобил дастурлар орқали фойдаланиш имконияти яратилганлигини қайд этамиз», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида банкларда халқаро пул ўтказмалари ишламаётгани, кўпчилик сарсон бўлиб уйга қуруқ қайтаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинганди.

Мавзуга оид