20:25 / 04.01.2020
5
49921

«Ўзбек дастурчилари европаликлардан асло қолишмайди» — Лондонда финтех компания очган ўзбеклар билан суҳбат

Kun.uz ходимлари 2019 йил охирида Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафаримиз давомида бу мамлакатда яшаб, турли соҳаларда фаолият юритаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатда бўлдик.

Суҳбатдошларимизнинг касбий йўналишлари турлича – автомобилсозлик муҳандиси, йирик халқаро банк бошқарувчиси, коллеж ўқитувчиси, туризм элчиси, Оксфорд илмий тадқиқотчиси, бизнесмен ва талабалар шулар жумласидан.

Дастлабки интервьюмиз Лондонда финтех компания очган тадбиркорлар билан кечди. Санжар Мавлянов ва Дилшод Меҳмонов Англияда магистратура босқичида ўқиб, сўнг шу ерда бир нечта молия муассасаларида ишлаган, 2016 йилда эса ўзбекистонлик яна икки ҳамкорлари билан «Safenetpay» номли финтех компаниясига асос солишган.

«Мен ўзим ҳуқуқшуносман, Дилшод – бухгалтер. Бир-биримизни 20-25 йилдан бери таниймиз. 2016 йилда компанияни очган бўлсак, лицензия олишимизга 2 йил кетди. Англияда лицензия олиш жуда қийин – жуда кўп ҳужжат талаб қилинади.

Кўп нарса жамоага боғлиқ. Аввалига жамоамиз фақат ўзбеклардан ташкил топганди. Бошида тўрт киши бўлиб иш бошлаган бўлсак, ҳозир ходимларимиз сони 30га яқин ва штатлар сонини яна ҳам кўпайтиряпмиз», – дейди компания раҳбари Санжар Мавлянов.

Финтех компаниянинг анъанавий банкдан фарқи нимада?

Маълум бўлишича, суҳбатдошларимиз Буюк Британиянинг Молиявий бошқарув органи – FCA лицензиясини олиб, финтех компанияга асос солган биринчи ўзбекистонликлар экан.

«2018 йилда лицензия олиб, банк соҳасига кириб келдик. Компанияларга ҳисоб-рақамлар, пул ўтказмалари, бухгалтерлик каби хизматларни кўрсата бошладик.

Бизнинг банкдан фарқимиз – биз кредит бермаймиз ва инвестиция киритмаймиз. Қолган барча банк хизматларини таклиф эта оламиз. Яъни кўчадаги банкдан деярли фарқимиз йўқ. Регистрация ҳам интернет орқали. Мобил иловани очиб, ҳужжатларингизни юборасиз ва буни онлайн тасдиқлашади. Яъни сиз уйдан чиқиб, шахсан банкка бориб ўтиришингиз шарт эмас. Финтех компанияларда бу анъанавий банклардан кўра анча тез ҳал бўлади», – деди Мавлянов.

Санжар Мавлянов

«Банкларда бир жиҳат бор: уларнинг ҳар бир филиали ўз офисига эга бўлиши керак. У ерда доимий равишда одамлар ишлаши, мижозларни қабул қилиши керак. Бизда эса ҳамма нарса онлайн. Хизмат кўрсатиш ҳам, янги мижозлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам, уларнинг пулини бошқариш ҳам – ҳаммаси онлайн. Шу жиҳатдан ҳам банкдан анчагина фарқ қиламиз.

Дўконлар билан солиштириб тушунтирадиган бўлсак, сиз кўчадаги дўконга кириб, истаган нарсангизни танлаб олишингиз мумкин. Ёки хоҳласангиз, Amazon, AliExpress, Alibaba кабилар бор – уйингизда ўтириб, истаган нарсангизни сотиб оласиз ва уни олиб келиб беришади. Худди шундай, финтехни банк соҳасининг Amazon'и деб таърифлаш мумкин», – дея тушунтирди Дилшод Меҳмонов.

Уларнинг таъкидича, финтех компанияни ривожланган технологияга асосланган банк деб таърифласа бўлади. Лондон эса жаҳон миқёсида жуда тез ўсиб бораётган финтех марказларидан саналади.

«Ўзбек дастурчилари европаликлардан асло қолишмайди»

Финтех компаниялар асосида ахборот технологиялари ётади. Яъни бунда тез ишлаши талаб этиладиган дастурий маҳсулотлар асосий ўрин тутади. Дастурлар қанчалик сифатли бўлса, финтех компания бозорда шунча рақобатбардош бўлади.

«Худди шуни амалга ошириш учун биз биринчи Латвияда офис очиб, у ердаги дастурчиларни ишга олдик. Икки йил ишладик, аммо биз ёллаган программистлар биз сўраган маҳсулотни яратиб бера олишмади.

Сўнг катта-катта компаниялар билан маслаҳатлашдик, улар бизга Руминия, Исроил, Болгария, Украина ва Россия каби мамлакатлардаги дастурчиларни тавсия қилишди. Биз эса ўйлаб-ўйлаб Ўзбекистонни ҳам вариант сифатида кўриб чиқишга қарор қилдик. Нега энди бўлмас экан?

Тўғриси, бошида сал ишонмадим... Майли, кирамиз, дедик. 2019 йил апрелида Ўзбекистонда офисимизни очиб, бир куннинг ўзида Латвиядаги офисни ёпдик ва ҳамма дастурчилар билан хайрлашдик.

Бошида Ўзбекистондаги офисда 2-3 киши ишларди. Биласизми, Латвияда программистлар 1-2 йил давомида бера олмаган дастурий ечимни Ўзбекистондаги йигитлар 1-1,5 ой ичида топишди. Ваҳоланки, биз SWIFT`га аъзо бўлганмиз, Англия, Германия, Люксембургдаги банклар билан ҳамкорликда ишлаймиз – шуларнинг ҳаммасини ўзбек дастурчилари тезда тушуниб, ишлай бошлашди. Мен ўзим ҳайрон қолдим. Бўлди, бу иш билан Ўзбекистонда шуғулланса бўлар экан, дедим.

Дилшод Меҳмонов

Ҳар қандай IT-компания чет давлатда офис очмоқчи бўлса, учта нарсага эътибор беради: дастурчиларнинг салоҳияти, мамлакат билан ўртадаги вақт тафовути ва солиқлар. Буларнинг ҳаммаси бизга тўғри келди.

Мана, IT-парк ва Мирзо Улуғбек инновацион маркази очилди. Улар билан ҳамкорлик қиламиз, дедик. Давлатнинг «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси ҳам бизга катта ёрдам беради.

Ҳозир Ўзбекистонда ўнга яқин ходимимиз бор, лекин кейинги 1-2 йил ичида 100 кишига етказмоқчимиз. Чунки иш кўп: кейинги 1,5 йил учун вазифаларимизни аллақачон белгилаб олганмиз. Финтех компанияда энг муҳими – дастурий ечимлар бера олиш. Ғоялар эса кўп, бу ғоялар учун ечимни эса кучли дастурчилар беради. Ўзбекистонлик дастурчилар биз нима хоҳлаётганимизни тезда тушуниб олиб, ўзлари ҳам ғоя беришяпти. Қойил, дедик, мана ўзимиздан ҳам яхши дастурчилар чиқар экан-ку.

Дастурчи деганда европаликлар Латвия, Эстония, Россия, Украина, Польша, Исроил – умуман Шарқий Европа мамлакатларини тушунишади. Биз у ерлардаги дастурчиларни ишга ёллаб кўрдик – Латвияда катта офисимиз бор эди. Россиядан ҳам программистлар олдик. Улар кучли кадрлар эди, лекин Ўзбекистондаги дастурчиларнинг даражаси ҳам улардан қолишмайди. Ўтса ўтадики, лекин қолишмайди», – деб таъкидлади Санжар Мавлянов.

Келгуси режа ва мақсадлар

Тадбиркорларнинг айтишича, улар яқин йилларда акцияларини очиқ савдога чиқариш, компанияни ривожлантириш орқали Европада ўзбекистонлик дастурчиларнинг салоҳиятини танитишни ният қилишган.

«2 йил ичида балки IPO ўтказармиз. Чунки мана яқинда аудитдан ўтяпмиз. Бу ердаги инвесторлардан компанияни сотиб оламиз, деган катта таклифлар ҳам бўляпти.

IPO ўтказганимизда дастурчиларимиз Ўзбекистондан эканини ҳамма билиб олади. Финтех компаниялари раҳбарларининг учрашувларида биринчи бўлиб сўраладиган савол: «IT-департаментинг қаерда? Дастурчиларни қаердан оляпсан?» Шунда биз Ўзбекистондаги программистлар қилганини айтамиз.

Масалан, Россияда ҳозир Москва, Санкт-Петербург ва Тверь – IT мутахассисларини етказиб берувчи энг йирик марказлар. Уларнинг ҳаммаси эгаллаб бўлинган. Борсангиз, жуда қиммат. Тверь унивеситетининг охирги курсида ўқиётганларни амалиёт ўташга деб олиб кетиб қолишяпти... Украинадан ҳам дастурчиларни банд қилиб қўйишяпти. Агар Ўзбекистонни ҳам тезроқ мана шундай даражага олиб чиқсак, хориждан таклифлар кўпаяди. Ҳамкорларимга Ўзбекистондан дастурчи ёллаганимни айтсам, улар ҳам қизиқиб келишади Ўзбекистонга.

Ҳозирча режамиз – дастурий маҳсулотларимизни Ўзбекистонда тайёрлатиш, фаолиятимизнинг қолган йўналишларини Англияда олиб бориш. Кейинчалик Ўзбекистон финтех соҳасига кириш ниятимиз ҳам йўқ эмас», – деди Мавлянов.

Унинг таъкидлашича, компания ҳозирда «анча-мунча юқори баҳоланади».

Ўз навбатида, Дилшод Меҳмонов ўрта истиқболда тўлақонли онлайн банкка айланишни кўзлашаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Худо хоҳласа, мақсадимиз – 3-5 йил ичида тўлиқ онлайн банк бўлиш, яъни юқорироқ даражадаги лицензия олиш. Албатта, компаниямизнинг ўсиши дастурчиларга ҳам жуда боғлиқ, улар қанча тез ишлашса, ривожланишимиз шунча тез бўлади», – дейди у.

Санжар Мавлянов ва Дилшод Меҳмонов суҳбат давомида Ўзбекистон учун нисбатан янги соҳа бўлган финтех ҳақида бошқа қизиқарли маълумотларни ҳам келтириб, мақсад йўлидаги қийинчиликлар ва чет элдаги ҳаёт ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Шунингдек, муваффақият формуласи ҳақидаги қарашлари билан ўртоқлашдилар.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top