Klarna – Европадаги йирик финтех компанияларидан бири. Унда саноқли ўзбеклар ишлайди. Шулардан бири Нодир Шамс Klarna’да дастурий таъминот муҳандиси. У нега Германияда қонунлар ишлаши, олмон маданияти, у ердаги маошлар ва бошқа мавзуларда Kun.uz’га гапириб берди.
Оила бирлашуви визаси
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида туғилган Нодирбек Шамс бакалавриатни Тошкент давлат ахборот технологиялари университетида ўқийди. Ўша пайтда инглиз тилини ўрганиб, тил сертификатига эга бўлгани қўл келиб, магистратура учун Жанубий Кореяга кетади.
Қаҳрамонимиз ўқиш даврида аёли ва фарзандини ҳам ўзи билан олиб кетишга ҳаракат қилади. Бироқ виза масаласи ҳал бўлавермагач, Германияга кетишга ҳаракат қилиб кўришади.
“6 ойлик уринишларимиз ўхшамагач, аёлим Германияда DAAD стипендиясига ҳаракат қилган. Стипендия олгач, ўғлим билан Германияга кетишган. Кейин мен ҳам магистратурани битириб, оила бирлашуви визаси асосида Германияга жўнадим”, – дейди у.
“Ўғлимизга 8 ой ўзим қараганман”
Оила бирлашуви визаси мигрантларга Германияда ишлаш ҳуқуқини беради. Лекин Нодирбек Германиядаги дастлабки 6 ойда аёлининг ўқишига ёрдам беради.
“Чунки аёлим ўқишини битириб олиши учун амалиёт ўташи керак эди. Унинг амалиёт жойи ва яшаш жойимиз бошқа федерал ерларда жойлашгани сабабли у бориб келиши учун болага кимдир қараб туриши керак эди. Шу вазифани ўзим бажарганман. 8 ой ўзим бола парвариши билан шуғулландим”, – дейди Нодирбек Шамс.
Шундан кейин турли IT компанияларига иш учун ҳужжат топшириб кўради ва компаниялардан бирин-кетин чақирув таклифларини олади.
“Албатта, IT компаниялари интервюлари жуда қийин бўлади. Уларга яхши тайёрланиш керак. Болага қараган вақтим давомида 3 ой интервюларга ҳам тайёрланганман. Охирида adidas ва Klarna компанияларидан ишга таклиф олганман”, – дейди у.
$50 мингдан $90 минггача йиллик маош
Мана 3 йилдирки, Нодирбек Klarna’ни танлаб 3 йилдан бери шу компанияда Senior Software Engineer лавозимида ишлаб келади.














