19:08 / 09.09.2023
13830

Оширилмаган контрактлар, финтехга чеклов, бизнесга янгиликлар — “Иқтисодий таймлайн”

Якунланаётган ҳафтада олий таълим муассасаларида тўлов контракт миқдорлари ўзгаришсиз қолдирилди. Тўлов ташкилотларига трансчегаравий транзакцияларни амалга ошириш тақиқланди. Ўзбекистон очликдан энг яхши ҳимояланган давлатлар рўйхатига кирди. Нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилди. Ҳафта иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да

Тўлов ташкилотларига трансчегаравий пул ўтказмалари ва халқаро тўловлар бўйича хизмат кўрсатиш тақиқланди

Ўзбекистондаги бир нечта тўлов тизимлари 5 сентябрдан бошлаб халқаро тўловлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича амалиётларни тўхтатди.

Бу – Марказий банк томонидан тўлов ташкилотларига трансчегаравий халқаро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқлангани билан боғлиқ. Натижада тўлов ташкилотлари, хусусан Oson ва PayWay 5 сентябрдан бошлаб халқаро пул жўнатмалари, хорижий компанияларнинг хизматлари ва онлайн ўйинлар учун тўловлар бўйича хизмат кўрсатишни тўхтатди. Ўзбекистонда бу хизматларни энди фақат тижорат банклари кўрсатади.

Марказий банк “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосланиб, трансчегаравий пул ўтказмаларини ташқи савдо операцияси деб баҳолаган. Шу сабабли тўлов ташкилотларининг давлатлараро операцияларда иштирок этиши қонунчиликка зид деб топилган. Бир қатор тижорат банклари ўз сайтларида бир хил баёнотни эълон қилиш билан бу қарорни қўллаб-қувватлади. Баёнотда айтилишича, регуляторнинг қарори жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилгани. Шунингдек, бу тақиқ маҳаллий финтех бозорини ташқи рисклардан, хусусан санкциялардан ҳимоя қилиши айтиляпти.

Август ойида, Россиядаги кўплаб ватандошлар Ўзбекистонга пул юборишда фойдаланадиган Oson сервиси регулятор томонидан жаримага тортилган эди. Марказий банк 5 сентябр кунги баёнотида бунга изоҳ бериб, тўлов ташкилотини олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан, халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишда асосли ва имкони мавжуд бўлган зарурий чораларни кўрмаганликда айблади.

Ўзбекистон очликдан энг яхши ҳимояланган давлатлар рўйхатига кирди

2022 йил учун Глобал очлик рейтинги эълон қилинди. 121 давлат иштирок этган рейтингда Ўзбекистон энг яхши деб топилган мамлакатлар қаторига кирди ва 5,6 балл билан 21-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич мамлакат озиқ-овқат етишмовчилигига дучор бўлмаслигини англатади.

Ўзбекистоннинг бу индексдаги кўрсаткичи йилдан йилга яхшиланиб борган. Мамлакатнинг 2000 йилдаги балли 24,2 бўлиб, ўша йили очлик хавфи ҳозиргидан 4 баробар юқори бўлган. 2007 йилга келиб риск даражаси 15,4 баллга, 2014 йилда 8,3 га, 2022 йилда 5,6 га тушган.

Глобал очлик индексининг етакчи поғоналарида Беларус, Босния ва Ҳерцеговина, Чили давлатлари жойлашган. Энг салбий кўрсаткичлар Мадагаскар, Марказий Африка Республикаси ва Яман мамлакатларида кузатилмоқда.

Ўзбекистон 21-ўринни эгаллаган рейтингда Қозоғистон — 24; Россия — 28; Арманистон — 32; Озарбойжон — 36; Украина — 36; Қирғизистон — 40; Тожикистон — 67-ўринда қайд этилган.

Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади: тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши; 5 ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши; 5 ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши; 5 ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

Айтиш ўтиш керакки, рейтингга баъзи бир юқори даромадли мамлакатлар, аҳолиси кам мамлакатлар ва мустақил бўлмаган ҳудудлар киритилмаган.

Саноат корхоналарини огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узишга чек қўйиш бўйича топшириқ берилди

Президент Шавкат Мирзиёев саноатни ривожлантириш бўйича селектор ўтказди. Унда энг муҳим топшириқларидан бири Энергетика вазирлигига берилди. Давлат раҳбари вазирликка жойларда саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан электр таъминотидан узиш амалиётига қатъий чек қўйиш бўйича топшириқ берди.

Шу муносабат билан бош вазир раҳбарлигидаги комиссияга бир ой давомида барча ҳудудларга бориб, қўшимча ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларнинг энергия балансини ойма-ой ишлаб чиқиш, жорий йилда ишга тушадиган лойиҳаларни бирма-бир хатловдан ўтказиб, уларга зарур энергия ресурслари ажратишни назарда тутиш топширилди.

Шу билан бирга, саноат тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш учун бош вазир бошчилигида республика штаби, жойларда эса вилоятлар ҳокимлари раҳбарлигида ҳудудий штаблар ташкил этиладиган бўлди. Штабда иқтисодиёт, инвестиция, солиқ, божхона, банк, энергетика, стандарт, кадастр органлари вакиллари корхоналардан 24 соат давомида мурожаатларни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қиладиган тизим бўлиши айтилди.

Нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилди

Эндиликда 100 млн сўмгача Ўзбекистон нақд валютаси ва (ёки) шу эквивалентдаги нақд чет эл валютасини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб кириш ёки олиб чиқиш мумкин. Аввал бу миқдор 70 млн сўм эди.

Бундан ташқари, энди жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шаклларини қўлламасдан туриб божхоначиларга маслаҳат олиш мақсадида тақдим этса, божхона органлари ходимлари уларга декларация тўлдириш қоидалари билан боғлиқ умумий тушунтиришлар беради. Илгари бундай қоида йўқ эди.

Ислом молияси, тадбиркорларнинг ишонч рейтинги ва халқаро брендлар. Президент қароридаги янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қарор имзолади. Мулоқотда айтилганидек, ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш ва ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш амалиётлари тўхтатилмоқда. Ҳужжатда бу борадаги аниқ сана келтирилмаган. Давлат раҳбари аввалроқ бу ўзгариш 1 октябрдан кучга киришини айтганди.

Қарорга асосан, Ўзбекистонда Ислом молиясини жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Тадбиркорларнинг ишончлилик рейтинги жорий этилиб, юқори рейтингдагиларга алоҳида имтиёзлар берилади, хусусан ишончли деб топилган компаниялар солиқ текширувларидан тўлиқ озод этилади.

Қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да қуйидагилар ҳам назарда тутилган:

– кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш объектини ишга тушириб, инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилади;

– тадбиркорлик субъектлари фаолиятига нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш бўйича бренд эгалари билан музокаралар ўтказилади;

– йиллик экспорт ҳажми 500 минг доллардан ошган қандолатчилик корхоналарига Экспортни ривожлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан айланма маблағ ажратиш тартиби жорий этилади;

– ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғим миқдори 5 баробар камайтирилади;

– ишлаб чиқарилганига 25 йилдан ошмаган, ижара ва лизинг асосида вақтинча олиб кириладиган самолётлар даврий божхона тўловидан озод қилинади;

– солиқ органларининг маҳалла даражасида ишлаш тизими жорий қилинади ва “Онлайн маҳалла” платформасида тадбиркорларга солиқ органлари фаолиятини баҳолаш имкони берилади;

– четдан олиб келинадиган табиий олмос, зумрад, сапфир каби қимматбаҳо тошлар ҚҚСдан озод этилади; қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларига божхона божи нол ставкада белгиланади;

– йиғиладиган тайёр конструкциялар ёрдамида осон барпо этиладиган модулли меҳмонхоналар қуриш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланади.

Президентнинг тадбиркорлар билан 2024 йилги учрашуви Қорақалпоғистонда бўлиб ўтиши белгиланди.

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа иқтисодий янгиликларни қисқача санаб ўтамиз:

·       2023/2024 ўқув йили давлат олийгоҳларида контракт ва супер-контракт миқдорлари ўтган ўқув йили учун белгиланган миқдорларда ўзгаришсиз қолди. Қайд этиш лозим, контракт миқдори 3 йилдан буён оширилмай келмоқда. Айрим фаоллар бу олий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтяпти;

·       Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси акциядорлик жамиятига айлантирилиб, ундаги давлат акциялари Марказий банкка ўтказилади. Шунингдек, валюта биржаси таъсисчилигида Миллий клиринг маркази ташкил этилмоқда;

·       Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта ва капитал бозорлари регуляторига айланди. Бу икки соҳани ҳозиргача Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тартибга солиб келаётганди. Эслатиб ўтамиз, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптоактивлар соҳасида давлат назоратини амалга оширади;

·       Меҳмонхоналарга юлдуз тоифасини бериш бўйича янги давлат стандарти қабул қилинди. 2023 йил 1 октябргача хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда камида 50 та меҳмонхонага “тўрт юлдуз” ва 200 тасига “уч юлдуз” олиб бериш чораларини кўриш вазифаси белгиланди.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Top