Иқтисодиёт | 20:10 / 16.01.2020
4876
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2020 йилда ЯИМ ўсиш суръатини 5,5 фоизга етказиш режалаштирилган — Бюджетнома

Жорий йилдан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети қонун кўринишида қабул қилина бошланди. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ҳамда ташқи ҳамкорларга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тайёрланган 2020 йилги Бюджетномада 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг мақсадлари ва устувор йўналишлари санаб ўтилган.

2017–2021 йиллар учун қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясидан, шу билан бирга амалга оширилаётган давлат дастурлари ва қабул қилинган ҳукумат қарорларидан келиб чиққан ҳолда 2020-2022 йилларда қуйидагилар иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифалари бўлиб қолади:

  • макроиқтисодий барқарорлик ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;
  • халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, кредит сиёсатини қайта кўриб чиқиш, бюджет интизомини кучайтириш бўйича комплекс чоралар кўриш орқали инфляция даражасини босқичма-босқич камайтириш;
  • реал сектор тармоқларининг жадал ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган қулай бизнес муҳитини яратиш;
  • мамлакат экспорт ҳажмларини оширишга қаратилган кескин чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • инвестиция муҳитини янада яхшилаш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш;
  • давлат мулкини хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича фаол сиёсат олиб бориш.

Устувор вазифаларни амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда, 2020 йилда ЯИМ ўсиш суръатини 5,5 фоизга етказиш ва унинг ижобий динамикасини кейинги йилларда ҳам сақлаб қолиш прогноз қилинмоқда (2021 йилда — 5,8 фоиз, 2022 йилда — 6,2 фоиз).

2020 йилда ЯИМ ўсишининг асосий омиллари қуйидагилар ҳисобланади:

  • саноат ишлаб чиқариш ҳажмини – 6,5 фоизга;
  • қурилишни – 9,3 фоизга;
  • қишлоқ хўжалигини – 4,0 фоизга;
  • хизматларни – 5,7 фоизга;
  • чакана товар айланмасини – 5,6 фоизга;
  • асосий капиталга қилинган инвестицияларни – 10,0 фоизга;
  • товарлар ва хизматлар экспортини – 8,0 фоизга, импортини – 8,0 фоизга ошириш.

Мавзуга оид