01:14 / 16.01.2020
3
281639

Путиннинг Медведев бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога кетказиши сабаби маълум қилинди 

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин миллий лойиҳалар амалга оширилиши қониқарсиз ҳолатдалиги сабабли Дмитрий Медведев бошчилигидаги ҳукуматнинг ишидан норози бўлган. Бу ҳақда Forbes нашри ўз манбаларига асосланиб хабар берди. 

Вазирлар маҳкамасига яқин манбалардан бирининг маълум қилишича, 2019 йил охирида Путин ва Медведев ўзаро учрашувда лойиҳаларнинг боришини муҳокама қилишган. “Путинга ҳисобот берилганда, миллий лойиҳалар ва миллий мақсадлар умуман бошқа текисликларда ётгани ва биринчиси иккинчисига эришишга ёрдам бермаслиги маълум бўлган. Бу эса Путинда салбий муносабат келтириб чиқарган”, деб айтган манба.

Таъкидланишича, Медведевни истеъфога чиқариш қарорини шахсан Путиннинг ўзи қабул қилган. Кремль сайтида ҳукумат истеъфоси эълон қилинишидан бир соат олдин Путин Медведев билан учрашгани ҳақида хабар эълон қилинган. Бироқ бу учрашув тафсилотлари маълум қилинмаган. 

2019 йилда миллий лойиҳалар конфигурацияси Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин томонидан танқид қилинган. Кудрин Путинга ҳисоботида миллий лойиҳаларда “ҳеч нарса бир-бирига тўғри келмаслиги”ни, улар мақсадларга эришишга имкон бермаслигини айтган. Шунингдек, миллий лойиҳалар ижроси боришини парламент олий палатаси спикери Валентина Матвиенко ҳам танқид қилиб, уларнинг 15-35 фоизгагина бажарилганини “расвогарчилик” деб атаган.

15 январда Медведев Путин иштирокидаги ҳукумат йиғилишида ўз маҳкамаси истеъфога кетишини эълон қилди. 

Россиянинг 2024 йилгача мўлжалланган миллий лойиҳалари ижроси учун бевосита ҳукумат жавобгар ҳисобланади. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top