09:13 / 23.01.2020
0
4882

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида таълимга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан 2019 йил 1 август куни Минск шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Беларусь Республикаси ҳукумати ўртасида таълимга оид ҳужжатларни, ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси юқорида кўрсатилган халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлиги мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги тегишли билдиришномани Беларусь томонига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юкланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top