Жамият | 13:00 / 24.01.2020
9476
2 дақиқада ўқилади

«РосАгроМаркет»: Тошкент вилояти мева-сабзавотларига Россия бозорида талаб катта

Жорий йилнинг 23 январь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга кўра «РосАгроМаркет» улгуржи-етказиб бериш Федерал тармоғи маркази раҳбари Б. Григорьев ва ишлаб чиқарувчи ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчилари учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Россия Федерациясида Тошкент вилоятидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувни Тошкент вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Абдусаломов Тошкент вилоятининг иқтисодий ва экспорт салоҳияти тўғрисидаги нутқ билан очиб берди. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош Консули Юсуп Кабулжанов Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритди.

«РосАгроМаркет» бош директори Богдан Григорьев Россия бозорида ўзбек мева-сабзавотларининг ўз ўрни борлигини таъкидларкан, ташрифидан кўзланган асосий мақсад, компаниянинг олдига қўйган кейинги режалари ва икки томонлама ўрнатилажак ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида батафсил сўз юритди.

Богдан Григорьев Ўзбекистондан маҳсулот етказиб беришни мақсад қилган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ишлаб чиқариш ва савдо майдонлари учун ижара нархида имтиёзли давр берилиши ва қулай нархлар белгиланишида, маҳсулотларни божхона расмийлаштирувида ҳуқуқий кўмак берилиши, зарур булган барча стандарт ва сертификатлар олишда амалий ёрдам ва бошқа турдаги ҳамкорлик хусусида айтиб ўтди.

Учрашув сўнгида тадбикорларимиз Россиялик экспертларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан савол-жавоб форматида ўзлари учун керакли жавобларни олишди ва икки томонлама келишувларга эришдилар.