22:33 / 24.01.2020
0
43407

Россиялик олимлар янги коронавирусга қарши 30 йил аввал ишлаб чиқилган дори воситасини таклиф қилишди

Фото: HECTOR RETAMAL / AFP

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда янги турдаги коронавирус эпидемияси сабабли ҳалок бўлганлар сони 26 нафарга етди, касалланганлар эса 900 кишига яқинлашиб қолди. 

Мутахассислар касалланганлар сони жадал ошиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда, чунки вирус одамдан одамга осон ўтиши аниқланди. 

Бу орада “Российская газета” нашрининг хабар беришича, екатеринбурглик олимлар янги вирусни 30 йил аввал ишлаб чиқилган РНК-вирусларга қарши дори воситаси билан енгиш мумкинлигини айтишмоқда. Ушбу восита 2016 йилда Рио Олимпиадасида Зика вирусига ва Красноярскда жўлак энцефалитига қарши муваффақиятли қўлланган. 

“Ушбу восита таркибига янги коронавирус ҳам кирувчи РНК-вируслар гуруҳига қарши курашади. Унинг ўзига хослиги шундаки, у лаборатория синовлари давомида олинган оригинал молекулага эга”, деб айтган дори воситасини ишлаб чиқишда иштирок этган, Урал Федерал университети Кимё-технология институти директори Владимир Русинов.  

Унинг айтишича, энг асосийси – касаллик аломатларини вақтида аниқлашдир. Янги вирус билан касалланишнинг оқибатларидан бири зотилжам бўлиб, у оддий шамоллашга қараганда жадалроқ кечади ва ўз вақтида даволанмаса ўлимга олиб келади. 

Бироқ юқоридаги дори воситаси гриппга ўхшаш аломатларга эга “Хитой вируси”га қарши ҳали қўллаб кўрилмаган. Бунинг учун клиник синовлар ўтказилиши ва мутасадди идораларнинг рухсати керак.

Таъкидланишича, тадқиқотчилар ушбу дори воситасининг таъсирини бошқа воситаларники билан солиштириб кўришган ва у грипп ҳамда жўлак энцефалитини анча тезроқ енгишини қайд қилишган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top