14:08 / 30.01.2020
0
7008

«ЯҲМ аҳоли жон бошига 1 000 доллардан тўғри келди» — Самарқандда йил якунлари таҳлил қилинди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳридаги матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирокида йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда маъруза қилган вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар ва тадбиркорлик бўйича ўринбосари Жамшид Ўроқов 2019 йилда Самарқандда олиб борилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.

«Биз ОАВ таҳлилларида маълумотлар аниқ бўлиши учун уларга иқтисодий комплексга боғлиқ фактларни ўзимиз беришга қарор қилдик»,— деди сўзи аввалида ҳоким ўринбосари.

Маърузаси аввалида Ўроқов вилоят аҳолисининг аниқ миқдори ҳақида маълумот берди ва ялпи ҳудудий маҳсулот аҳоли жон бошига қанчадан тўғри келишини айтди: «Самарқанд вилояти аҳолиси 3 миллион 878 минг нафарга етди. 2019 йилда вилоят аҳолиси 85 минг кишига кўпайган. Вилоят ЯҲМ 2018 йилда 31 триллионни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 37,6  триллионга етди. ЯҲМ аҳоли жон бошига 2018 йилда 8,8 миллион сўмни ташкил қилган, 2019 йилда бу кўрсаткич 9,7 миллион сўмга, долларда ҳисоблаганда 1 000 АҚШ долларига тенг бўлди (Маълумот учун мамлакат ЯИМ аҳоли жонбошига 1 500 АҚШ доллари атрофида тўғи келади). Бу бизнингча, анча паст кўрсаткич, уни оширишимиз керак. Масалан, кўрсаткичларимиз Қозоғистондагидан анча паст».

Ўроқовнинг айтишича, 2019 йилда Самарқандда саноатнинг автомобилсозлик соҳаси анча ўсган: «Иқтисоднинг асосий бўғинларидан бўлган саноатнинг 39,4 фоизи озиқ-овқат саноатига тўғри келмоқда. Автомобилсозликнинг саноатдаги улуши 28,8 фоизга етганини хурсандчилик билан айтишимиз мумкин. Вилоятдаги «Самавто» заводи ишлаб чиқариш ҳажмини оширди, «КамАЗ»нинг ҳам йиғиш цехларини ишга туширдик.

Ўтган йилда енгил саноат, хусусан текстил маҳсулотларини ишлаб чиқариш Самарқанд вилоят саноат комплексининг 17,2 фоизини ташкил этди. 2019 йилда вилоятда саноат корхоналари сони ошди. 2018 йилда бундай корхоналари сони 5 550 та эди, ортда қолган йилда уларнинг сони 6 348 тага етди. Самарқандда замонавий саноат павилёни очиш бўйича ишлаяпмиз. Бу ерда Самарқанднинг ишлаб чиқариш салоҳияти очиб берадиган кўргазмалар доимий ўтказилади».

Ўроқовнинг айтишича, вилоятдаги суғориладиган ерларнинг асосий қисми фермер хўжаликларига тегишли: «Айни дамда Самарқанддаги суғориладиган ерларнинг 66 фоизи фермерларга, 31,7 фоизи деҳқон хўжаликларига, яна 2,2 фоиз ер қишлоқ хўжалик маҳсулотини қайта ишлайдиган корхоналарга тегишли. Биз айнан фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали қишлоқ хўжалигининг иқтисодий кўрсаткичларини оширишимиз керак. Чунки Самарқандда сув муаммоси бўлишига қарамай қишлоқ хўжалиги кўрсаткичларининг 2 фоизгагина ўсиши яхши эмас. Бу борада кластерларни кўпайтиришга эътибор беришимиз керак. Ҳозир 12 минг гектар ер танлаб олинган ва у ерда пайдо бўладиган кластерларда плантациялар ташкил қилинади».

Биз боғдорчиликни ҳам ривожлантиришимиз керак. 1 гектардан 2, 3, 5 тонна ҳосил берадиган 5,5 гектар эски боғларни бузамиз ва ўрнига интенсив боғлар қурамиз. Интенсив боғ 50 тоннагача ҳосил беради. 2020 йилда ғалла майдонларини камайтирамиз, аммо буни ғалла режасини камайтириш эвазига эмас, бошқа ғалла ерларидаги ҳосилни кўпайтириш ҳисобига амалга ошириб, ғалладан бўшаган ерларга сабзавот экиш имконига эга бўламиз.

Самарқандда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаси доим кучли бўлган. Бизнинг консервалар, томат пасталаримиз авваллари дунё бозорларида сотилган, бироқ ҳозир бу борада оқсаяпмиз. Айни дамда 77 та корхонамиз мавжуд ва уларнинг аксари эски технологиялар билан ишлайди. Биз уларни жиҳозлашга эътибор бериб қўшимчасига интенсив боғларни кўпайтиришимиз лозим. Мева-сабзавот ишлаб чиқаришни кўпайтирмай қайта ишлашни ривожлантира олмаймиз».

Вилоят ҳокими ўринбосари хизматлар соҳаси ҳақида гапирар экан норасмий сектордаги тадбиркорлик субъектларини расмийлаштириш кераклигини айтди: «Бугунги кунда хизматлар соҳасининг 50 фоиздан кўпроғи норасмий секторга тўғри келаётганини тан олишимиз керак. Оддий сартарошхона, гўзаллик салони, «пайнет»... бу ерларда ҳам пул айланади ва уларни расмийлаштиришимиз керак. Самарқандда 2019 йилда хизматлар соҳаси аҳоли жон бошига 3,2 миллион сўмдан тўғри келди, бу жуда кам».

Ўроқов Самарқанднинг 2019 йилдаги ташқи савдо айланмаси миқдори ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди: «2019 йилда Самарқанднинг ташқи савдо айланмаси 1,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу олдинги йилгига қараганда 8 фоизга кўпроқ дегани. Экспортнинг ташқи савдодаги улуши 22,4 фоизни, имкорт улуши эса 77,6 фоизни ташкил қилди.

Келаси йилда экспортнинг истиқболли йўналиши сифатида мева-сабзавот савдосига эътибор беришимиз керак деб ўйлайман. Биласизми, Россияда Туркиянинг меваларини Ўзбекистонники деб 30 фоиз қимматга сотишади. Биз экспортни ошириш учун 12 ой давомида хорижий харидорларга сифатли маҳсулот етказиб беришни кафолатлашимиз керак. Яқинда Уфада бўлдим, у ерда мендан «Маҳаллий болалар боғчаларини ўзбек мева-сабзавотлари билан 12 ой давомида таъминлаб бера оласизми?», деб сўрашди.

Энди импорт ҳақида. Самарқанд вилояти импортининг 60 фоизи янги технологиялар олиб келишга тўғри келди. Бу ўтиш даври учун нормал ҳолат, аммо ўзимиз ишлаб чиқаришимиз мумкин бўлган оддий маҳсулотлар, масалан, кетчуп, макаронни ҳам импорт қилганмиз. Бу эса қувонарли ҳолат эмас.

Биз транспорт ва логистика соҳасига эътибор беришимиз керак. Тадбиркорларнинг пулларини Россия, Туркия, Эрондаги юк ташувчи ҳайдовчилар олиб кетяпти. Ўтган йил биз маҳсулот экспорт қиладиган мамлакатлар қаторига 6 та янги давлат қўшилди. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар сони 12 хилга ошди. Биз уларнинг сонини кўпайтиришимиз керак».

Жамшид Ўроқов тадбиркорларнинг асосий муаммоси ҳамон кредит бўлиб тургани ҳақида гапирди: «Тадбиркорнинг асосий муаммоси ҳамон кредит ва ер билан боғлиқ. Яна икки муаммо йўл, газ ва электр тармоғига уланиш. Ана шу муаммоларни ҳал қилсак, тадбиркорлик ривожланади.

2020 йил 1 январь ҳолатида Самарқандда 25 643 та тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Хўп, тадбиркорлик субъекталарини рўйхатдан ўтказишга кўпи билан 30 дақиқа вақт кетади, кейинчи? У ишлаб кета олиши учун шароит, пул ва албатта, кредит керак. Тадбиркорлар сони икки баробарга кўпайди, бу эса кредитга бўлган эҳтиёж ҳам шунча ошди дегани. Янги пайдо бўлаётган тадбиркорларни йўқотмаслигимиз керак. Таҳлилларга кўра ҳозир янги фаолият бошлаган ўртача 15% тадбиркор очилганидан сўнг ишлай олмай соҳани ташлаб кетмоқда, бу кўрсаткич 10 фоиздан ошмаслиги керак. Самарқандда 2020 йилда 8 500та янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлиши кутилмоқда».

Маълум бўлишича, Самарқандда ишсизлик даражаси 9,2 фоизга тенг: «Самарқандда меҳнат ресурслари, яъни меҳнатга яроқли аҳоли 2 миллион 122 минг нафар. 148 минг нафар фуқаро ишга жойлашиш бўйича ариза билан мурожаат қилган, ишсизлик даражаси эса 9,2 фоиз. Бу баланд, шу ўринда реал рақамлар. Бизда 62 фоиз аҳоли ёшлар, бу жуда ахир, чунки улар ишчи кучи дегани. Айни дамда Самарқанд аҳолиснинг 1 488 760 нафари меҳнат билан банд.

2019 йил Самарқандда 45 147 та янги иш ўринлари ташкил қилинди. Бу бизга берилган режанинг 115 фоизи дегани, аммо биз бундан 3 баробар кўпроқ иш ўрни яратишимиз керак».

Ҳоким ўринбосари ўтган йилда Самарқандга қанча сайёҳ келгани ҳақида ҳам маълумот берди: «2019 йилда Самарқандда 3 миллион 120 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. Улардан 2 миллион 580 минг нафари ички, 560 минг нафари хорижий сайёҳлар. Охирги йилларда ўсиш сезиларли даражада ошди, масалан, 2011 йил 150 минг сайёҳ келарди. Тўғри, бизда туризм кўрсаткичи ошди, лекин салоҳиятимиз 2 миллиондан ортиқ. Бу учун эса меҳмонхоналар керак. Айни дамда Самарқандда 145 та меҳмонхона бор, меҳмон уйлари сифатида рўйхатдан ўтганлар сони 151 та, бу жада кам.

Менга битта индонезиялик катта тадбиркор айтди: «Агар Самарқандда 5 юлдузли меҳмонхона бўлганида, 500 нафар меҳмонимни чақириб корпоративимни шу ерда ўтказардим.

Сайёҳлар Самарқандда ўртача 2,2 кун қолмоқда. Ахир Самарқанд тарихини 2 кунда ўрганиб бўладими? Хорижий сайёҳлар бир кун қолса, ўртача 120 доллар пул ташлаб кетади. Биз кўпроқ туризм йўналишларини очишимиз, тарихни сайёҳларга жонлантиришимиз керак. Битта туристик корхона атрофидаги бошқа тадбиркорга ҳам фойда беради»,— деб Ўқроқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top