18:27 / 03.02.2020
8
19518

Шерзод Шерматов: Болани пул топишга ўргатиш ёмон нарса эмас

Пул ёмон нарса эмас. Бой бўлсангиз, кўпроқ одамга ёрдам бера оласиз, кўпроқ одамга яхшилик қила оласиз, дея болани пул топишга ўргатиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди Шерзод Шерматов.

Фото: British Council

Бугун, 3 февраль куни Британия Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон олий таълимида ижодий тадбиркорликка ўқитиш интеграцияси» конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирдан кейин Kun.uz мухбири Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан суҳбатда бўлди.

– Экспертлар Буюк Британияда ижодий тадбиркорлик бугунги кунда иқтисодиётнинг катта улушини ташкил этаётганини таъкидлашди. Айтинг-чи, Ўзбекистонда таълим тизимига ижодий тадбиркорликни татбиқ этишда яна қандай ишлар амалга оширилиши керак?

– Биринчидан, [ижодий тадбиркорлик учун] имконият очиляпти. "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" дегани ижодий тадбиркорлик учун имконият очади. Чунки президентимиз томонидан асосий масала қўйилди: интернет инфратузилмасини ривожлантириш. Мактабларнинг ҳаммаси икки йилда кенг полосали интернетга улаш. 

Иккинчидан, [тадбирдаги чиқишим давомида] оддий бир мисол келтирдим. Америкадаги 9 ёшли видеоблогер бола 1 йилда 26 миллион доллар ишлабди. У фақат расмларини жойлаштирган, ўйинлар ўйнаган ва шунинг орқасидан 26 миллион доллар ишлаяпти. Бу болани бизнинг 10 ёшли боладан нима фарқи бор? Инглиз тили. Шунинг учун ҳам Америка Қўшма Штатлари ва Англия билан бирга ўқитувчиларнинг малакасини оширяпмиз.

Кейингиси – интернетга upload (маълумотларни узатиш – таҳр.) қилиш учун имконият. Жойларда download (юклаш), Youtube`ни кўришда қийинчилик бўлиши мумкин, лекин битта видеони upload қилиш қийинмас, амаллаб қилса бўляпти.

Яна бир муаммо бор эди: ўша ерда ишлаган пулини бизнинг банкка олиш. Бу масалада президентимиз мурожаатномада банк тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини айтдилар. Масалан, Paypal`да аккаунт очиш ёки Visa картага Америкадаги YouTube`дан пул олиш имконияти. Мана буни амалга ошириш керак. Бу соҳада банкирларимиз ишлашган, бу ҳам бўляпти. Конвертация очилганининг ўзи жуда катта имкониятлар беради. Яқинда бу ҳам «юриб кетади».

Кейингиси – жамиятимиз шунча йил социализмда яшаган. Мана масалан, бу ҳақида битта пост қўйсам ҳам, унинг тагида изоҳлар кўряпман: «Эй вазир, ноинсоф, сен нима учун пул ҳақида гапиряпсан». Яъни болани пул топишга ўргатиш дегани худди бир салбий, ёмон нарсадек. Пул ёмон деган табиат билан биз узоққа бормаймиз. Пул топиш ёмон бўладиган бўлса, биз фақат камбағал давлатга айланиб қоламиз.

Пул ёмон нарса эмас. Бой бўлсангиз, кўпроқ одамга ёрдам бера оласиз, кўпроқ одамга яхшилик қила оласиз. Жуда катта баҳсларга сабаб бўлган китоб бор, Роберт Киосакининг «Бой ота, камбағал ота» китоби. Айтмоқчи бўлган нарсам: шу нарсани қанча ёмон кўрганингиз сари ўша нарсага бораверасиз. Пулни ёмон кўрсангиз, пул сиздан қочади. Бу нарсани айтсам, эски дунёқарашдаги одам мени албатта тошбўрон қилади. Лекин бу нарсани секин тушуниб бориш керак.

Фото: British Council

Халқ таълими вазирининг фикрича, болаларни қизиқтирадиган нарсалардан унумли фойдаланиш керак.

«Бола кичик ёшлигида креатив бўлади. Мактаб унинг ижодкорлигини ўлдириши эмас, ундаги ижодкорликни ривожланишига имконият яратиб бериши керак», – дейди у.

Шерматов президент томонидан илгари сурилган беш ташаббус муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

«Бунинг ортида жуда катта маъно бор. Бола санъат, расм чизиш, мусиқага қизиқса, буларнинг бари ижодкорликка олиб келадиган нарсалар.

Ижодкорликка олиб келадиган яна бир нарса – кўп миллатли эканимиз, маданиятнинг хилма-хиллиги. Турли хил маданият вакилларига битта иш берилса, улар бу [масалани] тезроқ ечади. Бу исботланган факт. Болаларни кўпроқ soft skills, ўзаро ҳамкорлик, тадбиркорликка ўргатишимиз керак», – деди Халқ таълими вазири.

Фото: British Council

Шерзод Шерматов Марказий банк, Халқаро Молия Корпорацияси билан ҳамкорликда мактабларда молиявий саводхонлик фанларини ўқитиш, Global money week («Бутунжаҳон пул ҳафталиги») тадбирлари бўйича режалар кўриб чиқилаётгани ҳақида ҳам маълумот берди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top