22:18 / 05.02.2020
1
14884

Танзила Норбоева: Ҳарбийларнинг пахтага чиқиши вақтинчалик чора эди, энди бундай бўлмайди

Пахтага давлат буюртмаси бекор қилиниши, давлат бундан кейин пахта етиштиришга умуман аралашмаслигини англатади. Пахта етиштириш тадбиркор ва фермерлар зиммасига тушади. Сенат раиси Танзила Норбоева Kun.uz мухбири саволларига жавоб берар экан, шундай фикрларни билдирди.

— Ўтган йили вилоят ҳокимликлари ҳашарни суиистеъмол қилган ҳолатлар кўпайиб қолди. Шу борада изоҳ бера оласизми? Бу йил қанақа бўлади, нима деб ўйлайсиз?

— Ҳашар бу – миллий қадриятимиз ҳисобланади. Лекин миллий қадриятимизнинг тарғиботи тўғри йўлга қўйиладиган бўлса, ҳашар йўли билан хайрли иш қилиш илгаридан одамларимизнинг табиатида бор. Лекин бу жараённи суиистеъмол қилиб, одамларни мажбурлаб чиқарадиган бўлса, бу албатта, мажбурий меҳнатга ҳам кириб қолади.

— Ўтган йили пахта теримига ички ишлар идоралари ходимлари, ҳарбийларнинг жалб этилиши кузатилди. Буларга бу йил барҳам бериладими?

— Албатта, барҳам берилади. Бу вақтинча чора эди. Йиллар давомида ҳамма пахтага жалб қилинар эди. Лекин, кўрдингизки, барча пахтадан четлатилди. Фақатгина одамларни, уларнинг хоҳишларига қараб ёллаш ҳолатлари бор ва бу яхши тўловлар асосида амалга ошди.

Давлат раҳбарининг куни кеча (4 февраль –таҳр.) ўтказган йиғилишдаги топшириқларига биноан, бу йилдан бошлаб пахтага давлат буюртмаси бекор қилинади. Демак, бу тадбиркорлар қўлига ўтади. Кластерлар раҳбарлари, фермерларимиз иш билан банд бўлмаган аҳолини, яхши тўлов ва хоҳиши асосида, яхши меҳнат шароитларини яратган ҳолда жалб қилиши мумкин. Шунда давлат аралашуви мутлақо бўлмайди. Бу дегани ҳарбийлар ҳам чиқмайди, бошқа тизимлар ҳам аралашмайди. Бу бизнес зиммасига ўтиб кетади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top