17:28 / 08.02.2020
1
17941

Прокуратура тизимидаги 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилган ёки интизомий жавобгарликка тортилган 

Тизимдаги аксарият раҳбарлар ишни режалаштиришни билмаслиги оқибатида йиллар давомида профессионал фаолият қолиб кетиб, вақти ва кучини беҳуда сарфлашга одатланиб қолган. Шундай кайфиятда юрган 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилган ёки бошқа интизомий жавобгарликка тортилган

Фото: Бош прокуратура

Бош прокуратурада прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

Маърузада асосий эътибор прокуратура органларининг 2019 йилдаги фаолиятида қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар ҳамда уларни тезкор равишда бартараф этиш чораларига қаратилди.

Тизимдаги аксарият раҳбарлар ишни режалаштиришни билмаслиги оқибатида йиллар давомида профессионал фаолият қолиб кетиб, вақти ва кучини беҳуда сарфлашга одатланиб қолгани таъкидланди. Ана шундай кайфиятда юрган 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилган ёки бошқа интизомий жавобгарликка тортилган.

Прокурорлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясидаги мавжуд муаммоларни амалда бартараф этиш, айниқса, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича назорат тадбирларини кучайтиришлари талаб этилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммолар, хусусан оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар тарқалиши масалалари доимий эътибор марказида бўлиши шартлиги уқтирилди.

«Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш борасида ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментдан алоҳида ташаббускорлик ва қатъият талаб этилади. 

Ўз навбатида, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш ишларига прокуратура органлари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари зарур.

Тиббиёт ходимларини ҳақоратлаш, уларга тан жароҳати етказиш каби ҳолатларга нисбатан тезкорлик билан қатъий муносабат билдириб, уларнинг олдини олиш чораларини кўриш устувор вазифалардандир», - дейилади маҳкама маълумотида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top