2024 йилнинг 2-4 январ кунлари бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркияга бориб, тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев ҳамроҳлик қилган

Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништирган. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашган. Шерали Собиржанов клиникага фарзандини даволанишга олиб келганини айтиб, бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнига келганини тушунтирган. Видеода Бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган, дейилади маҳкама изоҳида. 

Маълумот берилишича, Абдували Абдуллаев томонидан 2018 йил 10 май куни Baxmal Juice Maste МЧЖга банкдан 1,1 млн АҚШ доллар кредит олиниб, кредит қарздорлигининг 633 минг АҚШ доллари қасддан қопланмаганлиги оқибатида, гаровдаги O’zengilulgurjisavdo МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетгани боис, жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказилган. 

O’zengilulgurjisavdo МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан 2021 йил 25 январ куни А.Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи А.Абдуллаевга Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда экани номаълум бўлгани сабабли вақтинча тўхтатилган. 

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли - Раҳматилла Абдуллаев ҳам айбланувчи (Жиноят кодексининг 168-, 233-, 184-моддалари билан айблов хулосаси тузилган) сифатида жалб қилинган. 2022 йил 13 июндаги Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, Р.Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168- ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган.  

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган (иш Тошкент шаҳар прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган).