18:55 / 09.02.2020
5
13723

Паст Дарғом туман «Ватанпарвар» ташкилотининг сўконғич раҳбарига ҳайфсан қўлланди

7 февраль куни Паст Дарғом тумани «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбари қўл остидаги ходимини ҳақоратлагани ҳақида материал эълон қилинган эди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши таҳририятга ҳолат юзасидан расмий муносабат  йўллади.

«Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгашининг буйруғига асосан Паст Дарғом туман ўқув спорт техника клуби ходимлар бўйича инспектори Чориева Фарзона 2020 йил 3–7 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги «Ватанпарвар» ташкилоти кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Марказига ўқишга юборилиши лозим эди.

Ф.Чориева хизмат сафари харажатларини олдиндан тўлаб беришни сўраб Паст Дарғом туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси Ф.Жавбўриевга мурожаат қилган. Ф.Жавбўриев Ф.Чориева хизмат сафарига бориб келгандан сўнг, хизмат сафари харажатларини тегишли ҳужжатлар асосида тўлаб беришини айтган. Шундан сўнг, раҳбар ва ходим ўртасида низо келиб чиққан.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят кенгаши томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Якунда Ф.Жавбўриевнинг ходимига нисбатан қўпол муносабатда бўлиб муомала маданияти чегарасидан четга чиққани, Ф.Чориевани хизмат сафарига юбориш тўғрисидага буйруқ чиқарилган бўлса-да, асоссиз равишда юбормагани, ходимга хизмат сафарига кетишдан олдин кундалик, йўл харажатлари, турар жойни ижарага олиш харажатлари чегарасида пул кўринишидаги аванс (бўнак) тўлаб бермагани аниқланиб, унга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди», — дейилади Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгашининг Kun.uz таҳририятига йўлланган расмий муносабатида.

Шунингдек, Kun.uz сайтида мазкур ҳолат юзасидан эълон қилинган мақола «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши ва Самарқанд вилоят кенгаши йиғилишларида қисқа муддатда муҳокама қилиниб, ушбу ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши ва якуний натижаси бўйича таҳририятга ахборот тақдим этилиши ҳам билдирилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top