20:40 / 18.02.2020
0
10331

Ўзбекистон магистрал газ қувурлари муҳофаза зонасида 2,5 мингга яқин ноқонуний қурилма мавжуд. Улар бузилиши керак     

Ўзбекистон ҳудудидаги газ тармоқларининг 14 минг километрдан ортиқ қисми хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Шу муносабат билан, хизмат муддати 30 йилдан ортиқ бўлган ер ости газ қувурларининг техник диагностикасини амалга ошириш талаб этилади.

Бахтиёр Ғуломов / Фото : KUN.UZ

Ўзбекистоннинг ерости магистрал газ тармоқларининг муҳофаза ҳудудида 2,5 мингга яқин ноқонуний қурилмалар мавжуд. Шу боис, «Ўзтрансгаз» АЖ магистрал газ қувурлари ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмаларни бошқа жойга кўчириш ёки бузиш бўйича суд органларига мурожаат қилиши ҳамда суд органлари қарорларини ижросини тўлиқ таъминлаш талаб этилади. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов «Хавфсиз меҳнат – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи» кўргазма-семинарида шу ҳақда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тасарруфидаги ер ости газ қувурларининг умумий узунлиги 16755,9 км бўлиб, шундан 14139,9 километри хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Шу сабабли, техник диагностика натижалари асосида авария ҳолатида бўлган ер ости газ қувурлари участкаларини шошилинч алмаштирилиш бўйича чора-тадбир режаларини ишлаб чиқиш ҳамда мукаммал таъмирталаб бўлган газ қувурларини ер устига чиқариш ёки полиэтилен газ қувурларига алмаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

Бундан ташқари, аҳоли ҳудудларини табиий газ билан таъминловчи паст босимли газ қувурларининг хусусий хонадонларга кириш қисмида икки босқичли бўлган босим регуляторларини (уй регулятори) ўрнатиш лозим.

Шу билан бирга, қўмита раиси «Ўзтрансгаз» АЖнинг магистрал газ қувурлари ҳолатига доир маълумотларни ҳам очиқлади. Унга мувофиқ, магистрал газ қувурларининг умумий узунлиги 13291 км.ни ташкил этади. Шундан, 11500 км.дан ортиғи 20-30 йил аввал тортилган газ қувурларидир.

Шу муносабат билан, тизимли равишда магистрал газ қувурларида ички диагностика ишлари амалга ошириш ҳамда унинг натижасидан келиб чиққан ҳолда, магистрал газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ёки носоз участкаларини алмаштириш зарур. Қўмита раисига кўра, биринчи навбатда қуйидаги магистрал газ тармоқларига эътибор қаратилиши даркор:

«Бухоро - Урал» I- ва II-тармоқлари (1964 йилда ишга туширилган);

«САЦ» (Средная Азия Центр-Ўрта Осиё Марказ) II-тармоқ (1968 йил);

«Пахтакор - Янгиер» I-тармоқ (1984 йил);

«Газли-Чимкент» (1989 йил);

«Ховос-Фарғона» II-тармоқ (1988 йил);

«БГР-ТБА» (Бухоро газли минтақаси – Тошкент – Бишкек – Алма-ата) I-тармоқ (1981 йил).

Бундан ташқари, халқаро илғор тажриба ва технологиялар таҳлили асосида «Магистрал газ қувурларидан фойдаланиш, талаблари ва фойдаланиш муддатларини узайтириш ҳамда диагностика ишларини амалга ошириш қоидалари»ни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда қабул қилиш, ер участкасини танлаш бўйича хулоса берадиган ваколатли органлар рўйхатига «Ўзтрансгаз»АЖ ҳам киритиш, магистрал газ қувурлари ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмаларни бошқа жойга кўчириш ёки бузиш бўйича дарҳол суд органларига мурожаат қилиш ҳамда суд органлари қарорларининг ижросини тўлиқ таъминлаш талаб этилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top