15:25 / 18.02.2020
0
4729

Ўзбекистон ЕИнинг тариф имтиёзларини олишда Венгриянинг қўллаб-қувватловига умид қилмоқда

Ўзбекистон GSP+ тизими доирасида Европа Иттифоқига 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотни божсиз олиб кириш имконини берувчи тариф имтиёзларини олишда Венгриянинг қўллаб-қувватлови ўзаро савдо ҳажмини оширади деган фикрда.

Фото: Facebook / European Union in Uzbekistan

“Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини бир неча мартага оширишимиз мумкинлигига қатъий ишонамиз. Бунинг учун маҳсулотларимизнинг икки мамлакат бозорларига кенг кириб бориши учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимдир”, - деди инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясида чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, савдо уйларини очиш, ўзаро савдо миссияларини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Венгрияга етказиб бериш учун истиқболли маҳсулотлар рўйхатини доимий равишда алмашиш икки томонлама савдони ривожлантиришда катта роль ўйнаши мумкин.

“Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзли тариф тизимини Ўзбекистонга нисбатан тезроқ қўллаш масаласида Венгриянинг қўллаб-қувватлови ўзаро савдо ҳажмининг ўсишига ёрдам беради", деди Умурзоқов.

Шу билан бирга, вазир "улкан салоҳиятга эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ўзаро савдо кўрсаткичлари жуда кам даражада сақланиб қолганини" таъкидлади. 2019 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 71 миллион долларни ташкил этган (ўсиш 44,9 фоиз).

"Биз, шунингдек, Венгрия ҳукумати маҳсулотларимизни сертификатлаш, стандартлаштириш, маркировкалаш ва санитария-карантин процедураларидан ўтиш бўйича маслаҳат ва техник ёрдам бериш орқали Ўзбекистон маҳсулотларини Венгрия бозорида ва бутун Европа Иттифоқи бозорларида илгари суришда ёрдам беришига ишонамиз", деди вазир.

Ўз навбатида, Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон европалик истеъмолчиларни юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари, янги ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари, дон маҳсулотлари, вино ва коньяк концентрати, асал маҳсулотлари, ўғитлар ва бошқа кўплаб нарсалар билан таъминлаши мумкин.

Ўзбекистон ҳозирда базавий имтиёзлар бош тизимидан (GSP) фойдаланади, унга кўра ЕИга 3 мингта маҳсулотни божхона тўловисиз ва 3200та маҳсулотни пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиш мумкин. Агар мамлакат плюс имтиёзлар бош тизими (GSP+) бўйича бир томонлама тариф имтиёзларини оладиган бўлса, 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотни бож тўловисиз олиб кириши мумкин бўлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top