Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 1 май, чоршанба куни «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан Тбилисида мамлакат ҳукуматини танқид қилган намойишчиларга нисбатан Гуржистон расмийлари томонидан қўлланган зўравонликни кескин қоралади. «Гуржистон Европа Иттифоқига аъзоликка номзод давлатдир ва мен унинг расмийларини тинч митинг ўтказиш ҳуқуқини таъминлашга чақираман, уларни бостириш учун куч ишлатиш қабул қилиниши мумкин эмас», деб ёзган Боррел ижтимоий тармоқда.
Оммавий намойишлар пайтида 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинди
1 майга ўтар кечаси Гуржистон полицияси Тбилисидаги оммавий намойишларнинг 63 нафар иштирокчисини ҳибсга олди, деди ички ишлар вазири ўринбосари Александр Дарахвелидзе брифингда. Намойишчиларнинг «зўравон ҳаракатлари» натижасида олти нафар полициячи яраланган, деди у.
Дарахвелидзе митинг иштирокчиларига нисбатан куч қўлланганини «намойиш зўравонлик тусини олгани» билан изоҳлади, «улар полицияга оғзаки ва жисмонан ҳужум қилди, турли оғир буюмлар, тошлар ва шишаларни улоқтирди», дейилади Гуржистон ички ишлар идораси баёнотида. Намойишчилар «чиқиш йўлларини сунъий равишда тўсиб қўйди ва Гуржистон парламенти аъзоларининг бинони тарк этишига рухсат бермасликларини маълум қилди», дея аниқлик киритди департамент. Бундай ҳаракатлар қонун билан тақиқланган, деб қўшимча қилди ИИВ.
Гуржистонда оммавий намойишлар давом этмоқда
DW мухбирининг хабар беришича, 1 майга ўтар кечаси намойишчилар парламентга яқин жойда баррикадалар ўрнатган. Махсус кучлар вақти-вақти билан одамларни қўлга олиб, сув ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Намойишчилар тарқалиб кетди, лекин тез орада қайтиб келди. Руставели шоҳкўчасида тунда бир неча минг киши қолган.
Эрталаб полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга уринишни тўхтатди ва диққатини парламентнинг ён томондаги киришларини қўриқлашга қаратди. Қолган намойишчилар бино олдидаги бўш жойни эгаллаб, тўсиқлар билан ОАВдан ажралиб, чиқиндиларни йиғишга киришган.
Полиция ОАВ вакиллари ва сиёсатчиларни калтаклади
Агентликларга кўра, полиция ОАВ вакилларига ҳам ҳужум қилган. Хусусан, AFP фотосуратчиси матбуот вакили экани аниқ бўлишига қарамай, резина таёқ билан калтакланган.
















