01:11 / 21.02.2020
0
14384

Сайёҳлар учун 2020 йилда энг хавфсиз давлатлар маълум қилинди. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида етакчи   

Фото: Flickr

2020 йилда сайёҳлар учун энг хавфсиз ва энг хавфли давлатлар маълум қилинди. Ўзбекистон бу борада 180 та давлат ичида 46-ўринни эгаллади. 

Саёҳатларнинг суғурталанишини таққословчи Insurly веб-сайти методологияси бўйича тузилган рейтингга кўра, Швейцария 2020 йилда сайёҳлар учун энг хавфсиз давлат деб топилган.

Методология муайян давлатда табиий офатлар юз бериши, соғлиқни сақлаш тизими сифати, зўравонлик йўли билан содир этилувчи жиноятлар ва террорчилик таҳдидлари, транспорт билан боғлиқ хавф-хатарлар даражасини баҳолашни ўз ичига олади.  

Рейтингда ҳаммаси бўлиб 180 та давлат баҳоланган.

Швейцария максимал 100 баллдан 93,4 балл олган. 

2-ўринни 92,7 балл билан Сингапур эгаллаган. Сингапур табиий офатлар борасида Осиёнинг энг хавфсиз давлати деб топилган.

3-ўринни 91,1 балл билан Норвегия эгаллаган.

Сайёҳлар учун энг хавфсиз давлатлар рейтингининг етакчи ўнталигидан Люксембург, Кипр, Исландия, Дания, Португалия, Финляндия ва Япония ҳам ўрин олган.

Рейтингнинг энг охирги учта ўрнини Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси ва Жанубий Судан эгаллаган. 

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон 70,3 балл билан рейтингнинг 46-ўрнидан жой олган. Insurly Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини 81 баллга, жумладан ҳавоси тозалигини қониқарли, транспорт билан боғлиқ хатарларни 67 баллга, табиий офатлар хавфини 25 баллга, зўравонлик даражасини 79 баллга, жумладан террорчилик хавфини 0 баллга баҳолаган.     

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида рейтингда энг яхши натижани кўрсатган. Ундан кейинги ўринларни Беларусь (48-ўрин), Озарбойжон (52), Туркманистон (60), Молдова (66), Грузия (68), Қозоғистон (71), Арманистон (72), Украина (83), Россия (86), Тожикистон (93), Қирғизистон (106) эгаллаган.    

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top