Жаҳон | 20:33 / 10.04.2024
5097
2 дақиқада ўқилади

Швейцария ёзда Украина бўйича тинчлик саммити ўтказилишини эълон қилди

Саммит Украина президенти Володимир Зеленский таклиф қилган «тинчлик формуласи» асосида ўтказилади.

Фото: Reuters

Швейцария томонидан ташкил этиладиган ва Украина можаросига бағишланган саммит июн ойида Бюргенштокда бўлиб ўтади. Яқин кунларда мамлакат ҳукумати таклифномаларни аниқ саналари билан жўнатади. Бу ҳақда Швейцария президенти Виола Амҳерд маълум қилди.

«Федерал кенгаш бугун конференция ўтказишга қарор қилди. У 2024 йил июн ойида Нидвалден кантонидаги Бургенштокда бўлиб ўтади. Аниқ саналари кўрсатилган таклифномалар яқин кунларда юборилади», деди Амҳерд.

Bloomberg хабарига кўра, саммит 15-16 июн кунлари ўтказилади. Швейцария G7 аъзо давлатлари, Европа Иттифоқи ва Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Бразилия, Эфиопия ва Саудия Арабистони каби Глобал Жануб вакиллари билан музокаралар ўтказган. Швейцария ҳукумати ўз баёнотида ҳозир тинчлик жараёни бошланиши учун барча шароитлар яратилганини даъво қилмоқда.

Саммит Украина президенти Володимир Зеленский таклиф қилган «тинчлик формуласи» асосида ўтказилади. Тадбирда 80 дан 100 тагача давлат таклиф этилиши мумкин. Швейцария ташқи ишлар вазири Иняцио Кассис саммитга Россияни ҳам таклиф қилишга чақирмоқда.

Ўз навбатида, Россиянинг Берндаги элчихонаси ҳеч қандай таклиф олмаганини маълум қилди. Элчихона Россиянинг позициясини ҳам эслатди: у таклиф қилинган тақдирда ҳам саммитда қатнашмайди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Швейцария ишончни йўқотгани учун Украинада воситачи бўла олмаслигини айтди.

Мавзуга оид