16:52 / 29.02.2020
2
16370

Қўмондон кўрсатмаси билан зоминлик Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиси яшаётган уй янгидан таъмирланиб, жиҳозлаб берилди 

Фото: Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов кўрсатмаси билан зоминлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар ота Аҳмедовнинг уйи янгидан таъмирланиб, хонадон жиҳозлаб берилди. Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди. 

Округ қўмондони 30 январь куни Зомин тумани Пишағар қишлоғига ташриф буюриб, 98 ёшга кирган уруш фахрийси билан суҳбатда бўлганди. Суҳбатдан сўнг, Пирназар ота яшаётган уйи нураётганлиги, хона эса зах ҳамда талабга жавоб бермаслигини айтиб, уйни янгидан таъмирлашга кўмак берилишини сўраганди.

29 февраль куни округ қўмондони, ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар ҳамроҳлигида Пирназар ота янги уйга кўчирилди. У яшайдиган хонадон эса шинам ва ёруғ, шу билан бирга замонавий уй жиҳозлари билан таъминланди. Шу куни уруш фахрийси хонадонида ҳашар ҳам ташкил этилди. Ҳарбий оркестр ижросида жанговар куй-қўшиқлар янгради.  

Маълумот ўрнида, Пирназар ота Аҳмедов урушдан кичик сержант унвони билан қайтиб келган. Унинг 7 фарзанди, 42 невара, 92 евара ҳамда 5 чевараси бор. Бундан ташқари, Жиззах вилояти Зомин туманида 9 нафар уруш қатнашчиси яшайди. Уларга ҳарбийлар томонидан моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top