11:41 / 02.03.2020
0
7682

Божхоначилар 7 бош маймуннинг мамлакатдан яширинча олиб чиқишга бўлган уринишни фош этди

 Ўз манфаатларини барча нарсадан устун қўйиб, божхона қоидаларини бузишга уринаётган шахсларнинг қилмишлари ўз вақтида фош этилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга ўзининг “Лексус RX 330” автоуловида чиқиб кетаётган фуқаро Б.А.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу фуқаро ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

 Натижада, автомашинада божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва декларацияда кўрсатилмаган, умумий қиймати 100 миллион сўмлик бир бош “Оқпанжа гиббон” ва олти бош “Явана макакаси” туридаги маймунлар борлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

 Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган маймунларнинг соғлиги ветеринар-шифокорлар назоратида бўлиб, юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги 408-сонли Қонуни талабларига мувофиқ, ҳайвонот дунёси обьектларини олиб кириш ва олиб чиқиш белгиланган тартибда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top