Ўзбекистон | 19:30 / 31.01.2023
18780
3 дақиқада ўқилади

Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?

2017 йилда битта транспорт воситаси чегара-божхона постини кесиб ўтиши учун ўртача 65 дақиқа вақт сарфлаган. Ҳозирда ушбу вақт қисқариб, 37 дақиқага тушди.

Фото: KUN.UZ

Яқин тарихгача Ўзбекистоннинг чегара-божхона постига кириб келган юк машинаси соатлаб туриб қолар, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳайдовчилар учун ҳақиқий бош оғриғи бўларди. Божхона тизими мамлакат иқтисодиёти занжирининг муҳим бир ҳалқаси эканлиги соҳада ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошлангач яққол сезилди. Бу фикр рақамларда ҳам акс этмоқда.

2017-2022 йиллар мисолида айрим статистик рақамларга эътибор қаратилса, соҳада қилинган ишлар салмоғи ҳам “кўзга ташланади”. Масалан, 2017 йилда давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари миқдори 7 трлн 588,5 млрд сўмни ташкил қилган. Мазкур рақам йил сайин ўсиб бориб, 2022 йилда 46 трлн 24,5 млрд сўмга етган. Энг юқори ўсиш 2021-2022 йиллар оралиғида қайд қилинган – 13 трлн сўмга яқин. Божхона тўловлари бўйича қўлланган имтиёзлар эса 2022 йилда 2017 йилдаги 28 трлн 642,1 млрд сўмдан 56 трлн 553,4 млрд сўмгача ошган.

Берилаётган имтиёз ва яратилаётган қулайлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари кўпайишига ҳам хизмат қилган. Хусусан, 2017 йилда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони 10 654 нафар бўлса, 2019 йилда 31 079 нафарга етган. 2020 йилда пандемия туфайли 26 236 нафарга тушган бу рақам йил сайин яна ўсиб, 2022 йилда 27 338 нафар бўлган.

Божхона юк декларацияларини расмийлаштиришга сарфланган ўртача вақт 2022 йилда 2017 йилдаги 9 соат 18 сониядан 3 соат 6 дақиқа 26 сонияга қисқарди. Бу олдин битта божхона юк декларацияларини расмийлаштиришга сарфланган ўртача вақтга ҳозирда 3 та расмийлаштириляпти дегани.

Чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда: 2017 йилда 484 683 та, 2022 йилда 2 379 488 та. 2020 йилда пандемия туфайли чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони кескин камайган – 934 697 та.

Автотранспорт воситаларининг чегара-божхона постидан ўтишга сарфланган ўртача вақти 2017 йилда 65, 2018 йилда 58, 2019 йилда 55, 2021 йилда 52 ҳамда 2022 йилда 37 дақиқани ташкил этган. Фақатгина 2020 йилда қўшимча санитария эпидемиологик текширувлар талаб қилингани боис бу вақт 72 дақиқага чўзилган.

Шунингдек, экспортда 86 фоиз ва импортда 76 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда, яъни божхона кўригисиз фақатгина ҳужжатли текширув асосида расмийлаштириш тартиби қўлланмоқда. Умумий расмийлаштирув вақти экспортда 4,5 баробар, импортда эса 2 баробар қисқарган. Товарларни экспертизадан ўтказиш эса 6 баробарга камайиб, самарадорлик 3 баробарга ортган.

Ўзгаришлар, қулайликлар яратилиши божхона тизимини олдинги “ишинг тушса сочинг оқарадиган” даражадан тобора рақамлашиб бораётган соҳага айлантирди. Бу ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият ўсишига хизмат қилмоқда.  

Божхона қўмитаси матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мавзуга оид