14:13 / 02.03.2020
0
20848

Бундеслига ўйинида футболчилар 15 дақиқа вақт чўзишди – шов-шувли можаро тафсилотлари

Фото: REUTERS

29 февраль куни Германия чемпионатининг 24-туридан ўрин олган «Ҳоффенҳайм» - «Бавария» ўйинида мухлислар камдан-кам юз берадиган воқеанинг гувоҳи бўлишди. Баҳснинг сўнгги 15 дақиқасини ҳар иккала жамоа ўйинчилари футбол ўйнамасдан, вақт чўзиб, тўпни бир-бирларига оширган ҳолда ўтказишди. Қуйида бунинг ўзига хос сабаблари ҳақида мулоҳаза юритишга уриниб кўрамиз.

«Бавария» ўйинда катта устунликка эришди ва буни ҳисобда акс эттира олди. 62-дақиқага келиб, мюнхенликлар 6:0 ҳисобида олдинда эдилар. Табиийки, ўйиннинг тақдири аллақачон ҳал бўлганди. Аммо шов-шувли ва ғалати воқеалар шундан сўнг юз берди.

66-дақиқада «Бавария» фанатлари «Ҳоффенҳайм» президенти шаънига ҳақоратли сўзлар ёзилган - «Дитмар Ҳопп ҳамон фоҳишанинг ўғли» деган баннерни кўтаришди. Шундан сўнг, ўйин тўхтатилди. «Бавария» футболчилари ва мураббийлари мухлисларни тинчлантиришга ҳаракат қилишди. Натижада, баннер олиб ташланди, ўйин эса давом эттирилди.

Бир неча дақиқа ўтгач, фанатлар «Сен фоҳишанинг ўғлисан» деган сўзлар ёзилган яна бир баннерни кўтаришди. Унда «Ҳоффенҳайм» президентининг исми-шарифи бўлмаса-да, «Du Harensohn» гапидаги D ва H ҳарфлари бошқача рангда ёзилган, яъни Дитмар Ҳоппга ишора борлиги равшан эди. Натижада бош ҳакам иккинчи марта ўйинни тўхтатди ва «Ҳоффенҳайм» футболчилари билан кийим алмаштириш хонасига кириб кетди.

«Бавария» футболчилари, мураббийлари, ҳатто спорт директори Ҳасан Салиҳамижич, бош директор Оливер Кан яна мухлисларни тинчлантиришга ҳаракат қилишди. Трибунада воқеани кузатиб ўтирган Дитмар Ҳопп ва «Бавария» раҳбари Карл-Ҳайнц Румменигге майдонга тушишди. Футболчилар эса кийим алмаштириш хонасига йўл олишди.

10 дақиқадан сўнг ҳар иккала жамоа майдонга қайтди ва мисли кўрилмаган воқеа юз берди. Футболчилар сўнгги 15 дақиқани майдонда бир-бирига тўп ошириш билан ўтказишди, финал ҳуштаги янграгунга қадар вақт чўзишди.

Ўйин тугагач, барча футболчилар мезбон мухлислар ўтирган трибуналар олдига бориб, уларни олқишлашди. Ҳопп ва Румменигге бир-бирини қучоқлаб, юпатишди. Бундеслигада мавсумнинг энг шов-шувли ўйини шу тарзда якунланди.

Ҳопп нега мухлислар нафратига учради?

Дитмар Ҳопп – Германиянинг энг бой кишиларидан бири, ёшлигида «Ҳоффенҳайм» таркибида ўйнаган. 1990 йилда эса клубни сотиб олган. Шу вақтдан бери Ҳопп севимли жамоасига юзлаб миллион евро маблағ сарфлади, кичик қишлоқ клубини Бундеслигага ва Европа майдонларига олиб чиқди. Хўш нега у мухлислар томонидан ҳақорат қилинди?

Гап шундаки, Германияда бир киши хўжайинлик қиладиган клубларни ёқтиришмайди. Бу мамлакатда 50+1 қоидаси амал қилади, яъни клуб директорлари кенгашидаги ўринларнинг ярмидан кўпи клуб вакилларига тегишли бўлиши керак. Бундан ташқари, клубнинг камида 50 фоиз (+1 дона) акциясига клуб вакиллари эгалик қилиши шарт. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, якка шахс клубга хўжайинлик қилиши мумкин эмас. Ҳопп эса бу қоида амалга киритилгунга қадар (1998 йили) клубни сотиб олган. 2015 йилда эса унинг 96 фоиз акциясини қўлга киритишга рухсат олган.

Қайд қилиш жоизки, Ҳоппга қарши норозилик тадбири биринчи марта уюштирилаётгани йўқ. Аввалроқ, Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби фанатлари ҳам ҳақоратли баннерларни кўтаришган эди. Натижада «Ҳоффенҳайм» уларга ўз стадиони эшикларини уч йилга ёпди.

50+1 қоидаси ҳақида: Бундеслига клубини ҳеч ким сотиб ололмайди

Германия футболи қоидаларига кўра, клуб бошқарувидаги аъзоларнинг 51 фоизи фақат шу клубга алоқадор шахслар – футболчилар, мураббийлар, ходимлар бўлиши шарт. Акцияларининг 50 фоизидан ортиғи ҳам клуб аъзоларига тегишли бўлиши керак. Яъни, клубнинг тақдирига алоқадор қарорларни қабул қилиш фақат шу клубнинг аъзолари ваколатида бўлади.

50+1 қоидасига кўра, ҳомийлар, инвесторлар бошқарув ҳайъатига кириши мумкин, аммо клуб стратегиясини белгилай олмайди. Улар пул бериш эвазига ўз рекламаларини стадион ичига, атрофига қўйишга, футболкаларда акс эттиришга ҳақли холос. Бундан ортиғи эмас. Бошқача айтганда, араб нефть-газ магнатлари учун Бундеслига эшиклари ёпилган. Иккинчи Шайх Мансурга Германия чемпионатида ўрин йўқ.

Мисол учун, «Бавария»нинг 75 фоиз акцияси клуб аъзоларига тегишли. Клуб билан ҳамкорлик қиладиган Adidas, Audi, Allianz компанияларининг ҳар бири 8,33 фоиз акцияга эга холос. Яъни, ҳомийлар фақат пул беради, клубнинг сиёсатига аралашмайди, трансферларига умуман таъсир қилолмайди. Шунга рози бўлсагина, ҳомийликка қабул қилинади.

Қоидадан истиснолар

Дитмар Ҳопп 26 йил давомида «Ҳоффенҳайм»га жами 350 млн евро инвестиция киритди. 2015 йилда эса 96 фоиз акциясини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлди.

«РБ Лейпциг» клубининг 99 фоиз акцияси «Ред Булл» компаниясига тегишли. Шу сабабли немис фанатлари бу клубга алоҳида «нафрат ўқларини» отишади. «РБ Лейпциг» клуби энергетик ичимликни сотиш учун ташкил қилинган тижорат лойиҳаси», деб таъна қилишади.

Мартин Кинд 20 йилдан бери «Ҳанновер» клубига инвестиция киритиб келмоқда. Яқинда у клубнинг 51 фоиз акциясига эгалик қилиш учун суд томонидан рухсат олди. «Агар мен қўллаб-қувватламаганимда бу клуб 5-дивизион тубида ўралашиб юрган бўларди», дейди Кинд. Қайд қилиш жоизки, унинг гапида жон бор. 1997 йили «Ҳанновер» банкротлик ёқасига келиб қолганида Кинд унга ёрдам қўлини чўзган ва қутқариб қолган.

Дитмар Ҳопп, «РБ Лейпциг» клуби ва Мартин Кинднинг немис мухлисларининг қаҳрига учрагани сабаблари шу. Германияда футбол орқали бизнес қиладиганларни ёқтиришмайди.

Нега 50+1 тарафдорлари кўп?

Иорданиялик миллионер Ҳасан Исмаик «Мюнхен 1860» клубини Чемпионлар Лигасига олиб чиқмоқчи эди. Амалда эса шубҳали трансферларни амалга оширди, 7 йилда 11 мураббийни алмаштирди, тушунарсиз менежментни жорий қилди. Натижада жамоа ҳудудий лига тубига тушиб кетиб, профессионал мақомидан айрилди. Буни «ваколати чекланган» одам қилди. Агар Исмаик тўлиқ ҳокимиятга эга бўлганида, нима юз беришини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Бундай мисоллар талайгина.

Немис футболида ислоҳотлар юз берадими?

Яқин орада эмас. Немис фанатлари катта инвестордан ҳайиқишади. Унинг фақат фойда учун келишидан, клубни расво қилиб кетишидан чўчишади. Германия стадионларида оёқ босгани жой тополмайсиз – ҳар доим аншлаг. Бунинг сабаби – бошқарув кенгашида ҳеч ким мухлисларга қарши боролмайди, чипталар нархини ошириш ёки ўйинни душанба кунига кўчириш учун овоз бермайди. Чунки раҳбарлар – шу клубнинг аъзолари, мухлиси. Биринчи навбатда зарба ўзига қаратилишини жуда яхши тушунишади.

«Инвесторларнинг кўпчилиги пул илинжида келади. Агар иш юришмай қолса, уни қаердан олишади? Албатта мухлислар чўнтагидан», - дейди «Боруссия Дортмунд» бошқарув раиси Ҳанс-Йоахим Ватцке.

«Ҳоффенҳайм»га қарши ўйиндаги ҳақоратли баннерлар «Бавария»нинг энг катта «Шикерия» фанатлар гуруҳи томонидан кўтарилгани маълум бўлди. Шундан сўнг, мюнхенликлар уларни расмий фан-клуб мақомидан ва мавсумий чипталардан маҳрум қилмоқчи экани ҳақида миш-мишлар тарқалди. «Футболда нафратга ўрин йўқ», демоқда «Бавария». Аммо клуб раҳбариятида мухлислар ҳам борлигини инобатга оладиган бўлсак, бу воқеаларнинг юз бериш эҳтимоли паст.

Немис Футбол Иттифоқи эса жазони қўллаши табиий, чунки ўйин 2 марта тўхтатилди. Аммо бу чоралар Ҳопп, «РБ Лейпциг» ёки Киндга қарши «нафрат тадбирлари»ни камайтирмаса керак. Германияда футболнинг спорт тури сифатида «тоза» бўлиб қолишини исташади.

Нурмуҳаммад Саид

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top