«Арсенал»да яна йирик ғалаба, «Бавария»да инқироз. Европада кун ўйинлари
|14:55 / 07.04.202414 57120 мин
Испанияда кубок финали ўтказилди, Германияда чемпион номи аниқ. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
«Арсенал» билан голсиз дурангдан кейин амалдаги чемпионлар иккита ёрқин ва голларга бой ўйин ўтказди. «Астон Вилла» билан ўйинда «Сити» сафида Фоден ҳет-трик қайд этди. Шанба куни Де Брюйне ундан эстафетани қабул қилиб олди. Белгиялик футболчи «шаҳарликлар» сафида АПЛдаги 250-ўйинида рақибнинг тезкор голига жавоб сифатида айланма зарба йўллаш билан бенефисини бошлади. Кейин — иккинчи бўлим бошида Люис жамоани ҳисобда олдинга олиб чиққанидан кейин — Де Брюйне Ҳоландга ассистентлик қилди. Турли статистика манбаларига кўра, бу Кевиннинг фаолиятидаги 300-самарали пас бўлди. Де Брюйне мезбонларни узил-кесил таслим қилувчи тўртинчи голни ҳам урди ва жамоадаги голлари сонини 100 тага етказиб қўйди. У «Манчестер Сити»га ўтганидан буён ундан кўпроқ голни фақат Агуэро (152) ва Стерлинг (130) уришган. Аммо асосийси, Ҳосеп Гвардиола жамоаси очколар сони бўйича «Ливерпул»га етиб олди ва қизилларнинг жавобини кутадиган бўлди. Якшанба куни мерсисайдликлар «МЮ» меҳмони бўлади.
Пайшанба куни «Челси» ва «МЮ» иштирокида кечган телбавор ўйиндан кейин мухлисларни ажаблантириш қийин эди. Аммо «Астон Вилла» ва «Брентфорд» камида улардан ортда қолишмасликка қарор қилиб, мухлисларга бешта гол урилган иккинчи бўлимни тақдим этишди. «Асаларилар» «МЮ»га қарши ўйинда ҳам тўққизинчи дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолиш орқали ажойиб сюжет намойиш этишганди. Бу ўйинда эса улар иккита гол ўтказиб юборганидан кейин ҳам синиб қолмади. Бу голларга Томас Франк жамоаси тўққиз дақиқа (!) ичида учта аниқ зарба билан жавоб қайтарди, голлардан иккитасига ҳимоячи Регилон ҳаммуаллифлик қилди. Агар ҳисоб ўзгармай қолганида, Унаи Эмери жамоаси «Манчестер Сити»дан учралган 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ўзига кела олмагани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган бўларди. Аммо ўша ўйинда бирмингҳемликларга уларнинг энг яхши тўпурари Уоткинс ёрдам бера олмаганди. Сафга қайтган форвард сўнгги дақиқаларда дублни расмийлаштирди ва жамоасига очко келтирди. Шунингдек, мавсумдаги голларини 18 тага етказиб олган Уоткинс бир мавсумдаги сермаҳсуллик бўйича жамоа рекордини такрорлашига бир гол қолди, ҳозирча бу натижа Бентекега тегишли. Шу билан бирга, у «гол+пас» тизими бўйича 27 балл жамғарган ҳолда жамоа тарихига кирди.
Шанба кунги ўйинларни якунлаб берган «Арсенал» яна биринчи ўринга чиқиб олди. «Брайтон» майдонида лондонликлар тўлиқ устунлик кўрсатишди, аввалига Сака ва Габриэл Жезуснинг қатор зарбалари гол билан якунланмай қолди, ҳужумчиларга гоҳ аниқлик етишмади, гоҳ дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатди. Аммо бўлимнинг иккинчи ярмида бразилиялик пеналти ишлади, жароҳатидан тузалиб қайтган англиялик футболчи эса уни аниқ ижро этди.
Сака бу мавсумда 11 метрлик зарбани хатосиз бажармоқда (5) ва бу борада фақат «Челси»нинг штатдаги пеналтичиси Палмердан (8 уринишдан 8 та гол) ортда. Шундан кейин лондонликлар савия ҳисобига ўйинни ғалаба билан якунлашди, жамоа биринчи бўлимдаги устунликдан ғалабани сақлаб қолган ўйинлари серияси 40 тага етди. Йил бошидан буён юқори спорт формасини сақлаб қолаётган Ҳаверцнинг голи амалда ўйин масаласини ҳал қилди.
Захирадан майдонга тушган Троссар эса қарши ҳужумда собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Микел Артета жамоаси нафақат кўп гол урмоқда, балки жуда яхши ҳимояланмоқда ҳам. Улар АПЛда қаторасига бешта сафар ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, бунақаси 1997 йилдан буён кузатилмаганди, эндиликда жамоа урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбатини «+50» кўринишига келтирди.
«Атлетик» нафақат «Малйорка»га қарши, балки ўзининг кубок комплексларига қарши ҳам курашиши керак эди. Басклар — кубокда қаторасига олти финалда мағлуб бўлган ягона жамоадир, сўнгги икки мағлубият пандемиядан чиқиш даврида бир календар йилига тўғри келганди (2020 йилда «Сосиедад»дан, 2021 йилда «Барса»дан мағлубиятга учралганди). Эрнесто Валверде жамоаси бу сафарги ўйинни ҳам ўз даражасидан паст бошлади. Финалга чиқишининг ўзи сенсация бўлган рақиб бир ҳужумнинг ўзида уч бор зарба бериб ҳисобни очди.
Ва фақат бўлим охирларига бориб «Атлетик» фаворит сифатидаги мақомига мос ҳаракат қила бошлади. Нико Уилямс офсайдда қолиб кетгани учун унинг голи бекор қилинди, аммо ҳужум жуда чиройли амалга оширилганди. Иккинчи бўлим бошида барча қоидаларга мос келадиган ҳолда жавоб голи урилди, бу ҳужумда Уилямсларнинг кичиги ажойиб узатма билан рақиб мудофаасини доғда қолдирди ва Сансет ундан кам бўлмаган чиройли зарба билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Аммо «Малйорка» кучли босимга қарамай бошқа гол ўтказмади ва ўйинни овертаймга олиб ўтди. Бунгача оролликлар жамоаси плей-оффнинг икки босқичида шундай қўшимча бўлимларда ғалаба қозонганди.
Аммо номинал мезбонлар ҳужумкор ўйнашда давом этишди, Нико Уилямс дарвозабон ҳудудидан туриб берган зарба бироз хато кетди. Бошқа томондан, Мурики ҳам гол уриш имкониятига эга бўлди. Якунда ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқланадиган бўлди. Баскларнинг омадсиз финалларида иштирок этмаган 23 ёшли дарвозабон Агирресабала эса иккинчи зарбани қайтарди ва учинчи бўлиб нуқтага яқинлашган рақибни хато қилишга мажбур этди. «Атлетик» вакилларининг барчаси, жумладан олдинги ютқазилган тўрт финалда ўйнаган Муниаин ҳам аниқ зарба берди. Билбао 40 йиллик кутишдан кейин яна соврин қўлга киритди.
«Милан» «Лечче»ни осонлик билан мағлуб этди, барчаси Пулишич узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, сермаҳсуллик бўйича ўз рекордини ўрнатиши билан бошланди. Америкалик футболчи бунга қадар кучли бешлик чемпионатларида бир мавсумда 10 та гол урмаганди. Кейин эса россонериларнинг штатдаги тўпурарлари катта саҳнага чиқди. Жиру — ўзига хос услубда гол урди — бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимда эса Адли қаторасига иккинчи ўйинда Рафаэл Леауни голли пас билан таъминлади. Бунгача биринчи бўлим охирида мезбонлар бир киши кам бўлиб қолишганди. Крстович каратега хос усул билан тўпга эмас, Чуквуэзега зарба берди ва унга оғир жароҳат етказишига бир бахя қолди.
Манчини биринчи бўлим охирида бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очишини адолат тантанаси дейиш мумкин эди. Статистика нуқтайи назаридан ҳам бу алоҳида ҳодиса бўлди, чунки италиялик ҳимоячилар тўққиз йилдан буён Рим дербисида «бўрилар» учун гол урмаганди. Топ-4 учун курашни давом эттираётган «Рома» биринчи бўлимда рақибдан яхшироқ кўринди ва бир неча вазиятда фақат омад туфайли «Лацио» голдан қутулиб қолди.
«Бургутлар» ҳам танаффусдан кейин фаоллашди, Камада дарвозани ишғол ҳам этди, аммо офсайддан. Кейин эса Дибала ва Гендузи ўртасида мунозара келиб чиқди, француз футболчиси аргентиналик рақибнинг бўйнидан бўғди, футболчилар уларни ажратиб қолишди. Якунда аргентиналик футболчи французга ЖЧ-2022 ғолиблигига бағишланган шитни кўрсатиб, улардан қайси бири чемпион эканини эслатиб қўйди.
Паредес эса Педрога провокация қилиб, уни сариқ олишга мажбур қилди. Умуман, бу ўйинда тўқнашувлар голли вазиятлардан кўпроқ бўлди ва шундай ўйинда ўтган мавсум охиридан буён ўйнамаган Абраҳамнинг қайтиши рўй берди. Англиялик ҳужумчи гол ура олмади, аммо икки йиллик танаффусдан кейин ашаддий рақиб устидан илк ғалабани сақлаб қолишга ёрдам берди, «Рома» бунгача қаторасига тўрт ўйинда ҳамшаҳарларига гол ҳам ура олмаганди.
Германия: «Бавария»да кетма-кет мағлубиятлар, «Боруссия» кучли тўртликдан чиқиб кетди
Германия чемпионатининг 28-турида сенсация рўй берди. Ўтган турда немис класикосида кўп йиллардан буён ўз майдонида «Боруссия»га иложсиз ҳолатда ютқазган (0:2) «Бавария» бу турда ўтган мавсумда иккинчи бундеслигада ўйнаган «Ҳайденҳайм»га ютқазди. Қолаверса, жамоа биринчи бўлимдаги 2:0 ҳисобидаги устунликни бой берди.
Иккинчи бўлимда ўйин буткул ўзгариб кетди. Барчаси атиги икки дақиқа ичида бўлиб кетди. 50-дақиқада Сесса ҳисобни қисқартирди, 51-дақиқада мезбонлар тўпурари Кляйндинст мувозанатни тиклади. Голлар орасидаги вақт атиги 86 сония. «Бавария» кутилган голлар (xG) кўрсаткичи бўйича рақибдан устунлик қилди, аммо урилган голлар бўйича ютқазди. Кляйндинст 79-дақиқада «Ҳайденҳайм»га ғалаба келтирувчи голни урди. Мезбонлар вакиллар учала голли ҳужумда ҳам амалда дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди.
Бошқа томондан, «Ҳайденҳайм» ўтган турда ҳам Штутгартда чемпионатнинг учинчи жамоасига қарши ўйинда 0:2 ҳисобини 3:2 кўринишига келтирганди, фақат ўшанда мезбонлар қўшимча дақиқаларда ҳисобни тенглаштиришга эришганди. Томас Тухел эса ўз футболчиларини ўзига келтира олмади.
«Бавария» 2011/2012 йиллар мавсумидан буён бир мавсумда бешдан ортиқ ўйинда ютқазди. Учрашувдан кейин клуб спорт директори Макс Эберл ёзда жамоада кўплаб ўзгаришлар рўй беришини маълум қилди.
Бу вақтда «Байер» «Унион» майдонида минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Бунда берлинликлар биринчи бўлим охирида бир киши кам бўлиб қолгани ҳам ёрдам берди. Ўйиндаги ягона гол Вирц номига ёзилди, у VAR орқали белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. «Байер»нинг мағлубиятсиз серияси 41 ўйинга етди. Алонсо жамоасида бу ўйинда мағлубиятга учраш имконияти ҳам йўқ эди, «Унион» футболчилари дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба йўллай олмади. Энди «Байер»нинг иккинчи ўриндаги «Бавария» билан фарқи 16 очкога етди.
Бундеслигада яна олтита тур қолди. «Байер» Германия чемпионлигини расмийлаштириши учун битта ғалаба етарли. Клуб 120 йиллик тарихида ҳеч қачон чемпион бўлмаган.
Леверкузенликлар катта эҳтимол билан кейинги ўйинда, 14 апрел куни 11-ўринда жойлашган ва ҳеч нарса учун курашмаётган «Вердер»га қарши уй ўйинида чемпионликни нишонлайди. Ҳолбуки Хаби Алонсо ўтган мавсумда «Байер»ни қабул қилганида жамоа 17-ўринда келаётганди.
Бундеслигадаги асосий интрига Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун кечмоқда. Бу рақобатда яна «Лейпциг» дастлаб «Фрайбург»ни йирик ҳисобда енгди (4:1) ва тўпланган очколар сони бўйича «Боруссия»га тенглашиб олди. Дортмундликлар эса турнинг марказий баҳсида «Штутгарт»ни қабул қилди, аммо жамоа футболчилари шу қадар масъулиятли ўйинда вазиятларини йўққа чиқаришди.
Биринчи бўлимда Адейеми яккама-якка вазиятда гол уролмади. Кейин эса Дортмунддагилар мавсум охирида кўп эслаши мумкин бўлган вазиятлардан бири рўй берди. Нюбел Нмечанинг зарбасини қайтарганида тўпга эга чиққан Шлоттербекнинг қаршисида ҳимоясиз дарвоза қолганди, аммо унинг бир ярим метрдан йўллаган зарбаси юқоридан ўтиб кетди. Гирасси эса керакли паллада ҳисобни очиб, 24 гол билан «Штутгарт»нинг янги рекордини ўрнатди. Шваблар жамоаси энди очколар сони бўйича «Бавария»га етиб олди, «асаларилар» қўшимча кўрсаткичлар бўйича «Лейпциг»ни тўртинчи ўринга ўтказиб юборди.
«ПСЖ» дастлабки ярим соатни шундай ўтказдики, турнир жадвалида сўнгги ўринда қолаётган рақиб ғалабани ўзи тортиқ этиши керакдек. Парижликлар хаёли Чемпионлар лигаси билан банд эди, аммо Луис Энрике ўйнаш имкониятини берган футболчилар натижа келтира олмагани ҳам ғалати эди. «Клермон» эса ўз ҳужумида парижликларнинг тушунарсиз хатоларидан максимум чиқариб олди. 17 ёшли Меюлюнинг жавоб голи эса қоидабузарлик туфайли бекор қилинди.
Амалдаги чемпионлар фақат иккинчи бўлимнинг ўрталарига келиб ўзига ўхшай бошлади, аммо узоқ вақтгача шу куни жуда кучли ўйин намойиш этган дарвозабонга гол уришнинг имкони бўлди. Натижада парижликлар мураббийлар штаби бир вақтнинг ўзида Маркинос, Ли Кан Ин ва Мбаппени майдонга туширишига тўғри келди. Аммо Килиан ҳам қулай вазиятни йўққа чиқариб, Гонсалу Рамушнинг зарбасидан кейин тўсиндан қайтган тўпни дарвозабоннинг қўлларига қарата тепди. Аммо айнан шу жуфтлик «ПСЖ»ни кулгига қолишдан сақлаб қолди. Ҳужумчиларнинг девор услубидаги комбинацияси Рамуш яккама-якка вазиятдан ҳисобни тенглаштириши билан якунланди.
Кун статистикаси
«Кёлн» 1-бор 90-дақиқагача ютқазиб турган ўйинида ғалаба қозонди.
2 футболчи — баварияликлар сафида Кейн ва «Лейпциг» форварди Опенда — олтмиш йил олдинги натижани такрорлашди. Бундеслига тарихида иккинчи бор бир мавсумда бирданига икки футболчи камида 20 гол уришган.
Ҳавертц АПЛдаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда — 9 гол. Бу — унинг «Арсенал»даги дебют мавсуми. Аввалги 3 йилни «Челси»да ўтказган.
«ПСЖ» 27 ўйиндан бери ютқазмаяпти.
«Атлетик» 40 йилда илк бор Испания Кубогини ютди. Билбао клуби (24) чемпионликлар сони бўйича фақат «Барса»дан (31) орқада.
Де Брюйне «Сити»даги 100-голини урди. У клубда 372 ўйинда 267 очко (100+167) тўплаган.