18:30 / 03.03.2020
0
25285

«Ўқувчига ёдлашни эмас, фикрлашни ўргатиш керак» – эксперт PISA синовига тайёргарлик ҳақида

Ўзбекистон таълим тизими кўп йиллар давомида болалар хотирасини синашга урғу бериб келган, PISA эса бунинг бутунлай тескариси: олинган билимнинг амалиётда қай даражада қўллай олинишини текширади.

Абдували Исмоилов / Фото: KUN.UZ

2021 йилда Ўзбекистон илк марта Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) PISA – ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро дастурида иштирок этади.

Кейинги йилги синовларда Ўзбекистондан тахминан 300га яқин мактаб ва тахминан 12 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашиши кутиляпти.

Мазкур дастур 2000 йилдан бери ўтказиб келинаётган бўлиб, ҳар 3 йилда 15 ёшли болаларнинг ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар бўйича билимини текширади.

Бунда болаларнинг олган билимларини ҳаётда – реал вазиятда қай даражада қўллай олишлари муҳим саналади. Ўтган 20 йилда PISA турли давлатларда таълим самарадорлигини, сифатини ўлчай оладиган асосий мезон ва таълим ислоҳотларига сабабчи бўлган дастурга айланиб улгурган.

PISA`нинг охирги марта 2018 йилда ўтказилган синовида дунёнинг ривожланган ва ўрта даромадли 79 давлатидан жами 10 миллиондан кўпроқ бола қатнашди.

Ўзбекистон ҳам 2021 йилда илк бор PISA'да қатнашиб, ўқувчилар билимини халқаро миқёсда синаб кўришни режалаштирмоқда.

Мазкур мақсадни амалга ошириш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, марказ жараёнларга тайёргарлик ишларини олиб бориш учун масъул ҳисобланади.

Kun.uz PISA синовида иштирок этиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, кутилаётган натижалар ва унинг умумтаълим тизимимизга қанчалик таъсир қила олиши мавзусида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори, PISA ва PIRLS лойиҳалари миллий менежери Абдували Исмоилов билан суҳбатлашди.

«Берилган билимни амалиётда қўллаш мумкинми-йўқми – PISA дастури ана шуни текширади»

– Бугунги кунда PISA дастури иштирокчи давлатлари 88тадан ошган. Дастурнинг айнан 15 ёшли болалар билимини баҳолашининг боиси – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо давлатларда бу ёшда болалар умумтаълим мактабини тугатиб, кейинги босқичга қадам қўйишга тайёр бўлишади.

PISA бир хил стандарт ва талаб билан бутун дунёдаги ўқувчилар билимини баҳолайди. Унинг баҳолаш талабларини ҳеч бир давлат миллий стандартига ёки ўқув дастурига солиштириб бўлмайди.

Бунда ўқувчилар билими ўқиш, математик саводхонлик ва табиий фанлар саводхонлиги йўналишларида ўзлаштирган билимларни ҳаётий вазиятларда қай даражада ишлата олиши текширилади.

Бундан ташқари, 2021 йилги дастурда креатив фикрлаш кўникмаси ҳам алоҳида йўналиш сифатида баҳоланади.

PISA унга қатнашаётган давлатларга нимани исботлади?

– PISA дастурида илк марта қатнашгунча Германия ўз таълим тизимини илғор ва камчилиги йўқ, дея баҳолаб келган. Бироқ бу давлат учун натижа кутилгандай бўлмагандан сўнг хатолар таҳлил қилина бошланган. Ўшанда Германия таълим тизимининг нисбатан ёпиқлиги,  тажриба алмашиш дастурларига етарли эътибор қаратилмаётгани маълум бўлган.

Шундан сўнг Германияда таълим билан боғлиқ бутун тизим қайтадан кўриб чиқилган ва алоҳида «PISA-shock» номли дастур ишлаб чиқилган.

Орадан 9 йил ўтгандан сўнггина Германия PISA рейтингида юқорилай бошлайди.

Бугун таълим тизими дунё бўйича энг олдинги кўрсаткичларни банд қиладиган Финландиянинг ҳам даставвал PISA`да натижалари жуда яхши чиқмаган.

Шундан сўнг Финландия фақат кўрсаткичи юқори мактабларга ва ўқувчиларига эмас, балки марказдан узоқда жойлашган таълим муассасаларига ҳам алоҳида эътибор беришни бошлаган.

Япония эса 2006 йилда PISA дастурида биринчи марта қатнашганида таълим тизимида Ўзбекистонникига ўхшаш тарзда болалардан, асосан, ўқув дастурида берилган маълумотни яхши ўзлаштиришга кўп эътибор қаратаётгани маълум бўлган.

Ўшанда Япония ўқувчилари фикрлашга ва ўйлашга мажбур қиладиган саволларга жавоб топишда қийналаётгани кузатилган. Ва мана шу камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилинган.

Ўзбекистоннинг PISA дастуридаги иштироки учун бюджет ва халқаро ташкилотлардан маблағ ажратилмоқда

– Ўзбекистон PISAда биринчи марта иштирок этаётгани учун ҳам давлат бюджетидан, ҳам халқаро молиялаштириш институтларидан маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Масалан, давлат бюджетидан алоҳида марказ ташкил этилган бўлиб, унда ишлаётган ходимлар ва бошқа харажатлар давлат томонидан молиялаштирилади. Бу йилига тахминан 3 миллиард сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари, тажриба ўрганиш, тренингларда иштирок этиш ва уларни ташкил қилиш, ўқув қўлланмалар яратиш каби тайёргарлик ишлари ҳам талаб этилади.

Бу тарафлама ёрдам бериш учун Жаҳон банки томонидан «Эрта болаликдаги ривожланишни қўллаб-қувватлаш» номли янги лойиҳа қабул қилинди. Асосий координатори Мактабгача таълим вазирлиги бўлган мазкур лойиҳада PISA дастурида иштирок этиш учун ҳам маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

«PISA – янгилик, унинг тарғиботи ҳам осон бўлмаяпти»

uBff1Qke514LhchmrZhOUaN8dgPlnIk7.jpg (1919×1079)

– PISA дастури биз учун бутунлай янгилик бўлгани учун, тарғибот ва тайёргарлик ишлари ҳам осон бўлмаяпти.

Айни пайтда республика бўйича 15 ёшли ўқувчилар сони тахминан 600 минг нафарни ташкил этади.

Дастур бўйича ўқитувчиларда ҳам саволлар кўп: нега биз унда иштирок этишимиз керак, бизга дастур нима беради, таълим тизимимизда ўзгариш бўлишига сабаб бўладими ва ҳоказо. Уларга турли семинарлар ва турли махсус тўпламлар орқали жавоб беришга ҳаракат қилиб келяпмиз.

Энг кўп дуч келаётган саволларимиздан бири PISA дастури бизнинг таълим стандартига тўғри келмаслиги ҳақида бўлади.

Биз имкон қадар PISA ҳақида тушунтириш беришга ва дастур фақат ўзимизни синаб кўришимиз ва халқаро миқёсда обрўйимизни ошириш учун яхши имкон эканини тушунтирамиз.

Ўқитувчиларнинг ҳам топшириқлари ва юкламаси оз эмас, шунинг учун ўқитувчиларга PISA дастури билан дарсдан ташқари қўшимча машғулотларда шуғулланишни тавсия қиляпмиз.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил қилинаётган малака ошириш курсларида ҳам ўқитувчиларга дастур ҳақида маълумот бериляпти.

PISA дастурида 12 мингдан кўпроқ 15 ёшли ўқувчи иштирок этади

– PISA дастури имтиҳони учун турлича имкониятга эга мактаблардан тенг равишда тасодифий саралаш орқали иштирокчилар танлаб олинади. Ва мана шу ўқувчилар бутун мамлакат вакили сифатида иштирок этишади.

Ўзбекистон компьютер ёрдамида синов тестини бажариш усулини танлади

– PISA синови 2 хил усулда: компьютер ёрдамида ва қоғоз усулида тест топшириғини бажаришади.

Лекин республика бўйича ҳали инфраструктура ва компьютер таъминоти билан боғлиқ муаммоларимиз ҳам йўқ эмас.

Бизда ҳаммаси тайёр, ҳамма мактабларимизда компьтерлар етарли десак, хато бўлади. Яқин орадаги ўрганишларимиз натижасида ҳали кўплаб мактабларимизда компьютерлар йўқлиги ёки замонавий талабларга жавоб бермаслигига гувоҳ бўлдик.

«Фақат хотирани синаш усулидан воз кечишимиз керак»

– Ўзбекистон таълим тизими кўп йиллар давомида болалар хотирасини синашга урғу бериб келган, PISA эса бунинг бутунлай тескариси: олинган билимнинг амалиётда қай даражада қўллай олинишини текширади.

Бу – муаммо бўлиши мумкин. Бироқ биз кўп йиллар давомида ёдлашга ўрганиб келган болаларга: «Бугундан ёдлашдан тўхтанглар, энди ижодий фикрлашингиз керак ёки билимингизни ҳаётий вазиятда синашингиз керак», деб бирданига айта олмаймиз. Бироқ бу каби ўзгаришларга  босқичма-босқич ўтиб боришимиз зарур.

Масалан, худди шу масалада Сингапур давлатида «Агар биз болаларимизга ёдлашни ўргатсак, улар худди биз ўрганган нарсани ўрганади, агар фикрлашни ўргатсак, кўпроқ нарса ўрганишади», деган қараш бор.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўқувчининг компетенциясини баҳолайдиган тизим шаклланиб бўлгани йўқ. Реал вазиятда тестлар ҳам ўқув дастуридаги мавжуд маълумотдан фойдаланиб тузишга асосланган.

«Миллий база яратадиган мутахассислар йўқ»

– PISA дастурининг очиқ маълумотлар базасида фойдаланиш мумкин бўлган саволлар мавжуд. Уларни тайёргарлик жараёнида ўзбек тилига чоп этиб фойдаланиб келяпмиз.

Бироқ бу базадаги саволлар ҳам чекланмаган эмас. Ўқувчининг мантиқий ва ижодий кўникмасини баҳолайдиган миллий тестлар базасини тузиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бироқ айни пайтда Ўзбекистонда бу вазифани бажарадиган мутахассислар – тестологлар йўқ.

Тестология бўйича мутахассис ҳам тайёрланмайди. Бироқ турли семинар ва давра суҳбатлари ўтказиш жараёнида саволлар тузишга қизиқадиган ва PISA дастури саволларини тузишда базавий маълумотларни биладиган ўқитувчилар мавжуд. Улар билан биргаликда ишлаб келмоқдамиз.

Бироқ агар биз PISA дастурида доимий иштирок этишни ва яхши натижага эришишни хоҳласак, кенг қамровли ислоҳот қилишимиз зарур. Тестологлар тайёрлайдиган алоҳида тизим ишлаб чиқиш зарур бўлади.

«PISA дастури Ўзбекистон таълим тизимини ислоҳ қилиши мумкин»

– Ҳозирча ўқувчилар ўртасида PISA бўйича ўтказилган синов натижалари унчалик қониқарли эмас, бироқ ҳали яна бир йил вақт бор. Бундан ташқари, болаларнинг дастурга ва уни ўрганишга қизиқиши ҳам жуда юқори.

Шунинг учун яхши натижага ҳаракат қиламиз ва унинг таҳлилига қараб, ислоҳотларни амалга оширишимиз, камчиликларимиз устида ишлашимиз мумкин бўлади.

Чунки 50 минг евро атрофида тўлов қилиб, дастурда қатнашиш учун алоҳида марказ ташкил қилиб, шунча ҳаракат қилсаг-у, бироқ кейин унинг натижаси ва таҳлилига кўра, таълим тизимимизни ислоҳ қилмасак, қатнашишимиздан ҳам фойда йўқ.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top