13:31 / 03.03.2020
0
5790

Президент маслаҳатчиси: «Университетлар ҳудудларнинг «Ақл маркази»га айланиши керак»

Абдужаббор Абдувоҳидовнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимлар ойда бир марта олимлар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашиши керак

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Жорий йилнинг 2 март куни президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов раислигида Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоятлар ва туманларнинг таълим масалалари бўйича масъул раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари иштирокида видеоселектор бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишда умумий ўрта, профессионал ва олий таълим тизимларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.  

Жумладан, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқувчи-талабаларнинг давомати назорати мактаб директорлари, ҳокимликлар ва ректорлар эътиборидан четда қолаётгани алоҳида қайд этилди. Бу борада таълим муассасаси–маҳалла–оила ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. 

– Университетлар ўзи жойлашган ҳудуднинг “ақл маркази”га айланиши керак, – деди президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов. – Маҳаллий ҳокимлар ойда бир марта олимлар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашиши керак. Олий таълим муассасалари эса ўз навбатида ҳудудий миқёсдаги мавжуд муаммоларга инновацион ечим топиши, ҳудудда илм-фан ривожланишида локомотив вазифасини бажариши керак.

Таълим муассасаларидаги давоматни яхшилаш, тартиб-интизомни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, профессионал таълимда янги ўқув йилига тайёргарлик ва ишлаб чиқиладиган ўқув меъёрий ҳужжатларнинг бугунги кундаги ҳолати юзасидан фикр алмашилди. 

– Таълим сифатини ошириш – олий таълим тизимидаги энг муҳим масала бўлиб қолаверади, – деди вазир И.Мажидов. – Ўқув жараёнини ташкил этиш, талабаларнинг дарсда иштирок этиши ва шу каби ташкилий жараёнлар электронлаштирилади, таълим жараёнига замонавий АКТ кенгроқ жорий қилинади.

Шунингдек, йиғилиш давомида “Универсиада” спорт ўйинларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, олий таълим муассасалари ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top