Собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли лойиҳалардан бири бўлган Central Asian University (аввалги Akfa университети) Кузатув кенгашига унинг қудаси, собиқ маслаҳатчи Абдужаббор Абдувоҳидов раис этиб танланган. ОТМ раҳбарияти ўзгаргач аввалги ректорнинг фаолияти тафтиш қилина бошланган. Бу Part-time дастури талабаларининг статусига ҳам таъсир қилган. Янги ва собиқ раҳбарият ўртасидаги низо талабалар тақдирида акс эта бошлагач вазият янада чигаллашган.  

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Central Asian University (аввалги Akfa) университети раҳбарияти ва икки йиллик тайёргарлик курсларини тамомлаб, бирданига иккинчи курсга қабул қилинган талабалар ўртасида юзага келган можаро видеолари тарқалди.

Шунингдек, низоли вазият борасида Kun.uz'га университет талабалари ва уларнинг ота-оналаридан ҳам шикоятлар келиб тушди.

Маълум бўлишича, тузилган шартномага асосан, мактаб ўқувчилари бир вақтнинг ўзида Part-time дастури доирасида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-курсига қабул қилиниши керак бўлган.

Аммо 2022-2023 ўқув йилида мазкур дастурда ўқиган талабалар янги ўқув йилида университетнинг 2-курсига қабул қилинмаслиги ва 1-курсни қайтадан ўқишлари лозимлиги айтилган. Шундан сўнг маъмурият ва талабаларнинг ота-оналари ўртасида низо келиб чиққан.

Университет раҳбариятининг кўрсатмасига асосан, part-time дастурини тамомлаб, бу йил 2-курсда ўқишни бошлаши керак бўлган талабалар айни кунларда дарсларга қўйилмаяпти. Улар бир ўқув йили учун 40 млн сўм контракт тўлаган.

Университет бу ҳолатни собиқ ректор томонидан қонунбузарликлар содир этилгани ва 2-курсга қабул қилинган талабалар ўқишни давом эттира олмаслиги, чунки бу қонунда кўзда тутилмагани билан изоҳлаган.

Олий таълим муассасасининг Kun.uz'га тақдим этган маълумотида ҳам юзага келган ҳолатга университетнинг аввалги раҳбарияти айбдор қилиб кўрсатилган.

«Бундан икки йил аввал Akfa университетининг собиқ ректори – 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Бекзод Жалилов томонидан “Study for the success” МЧЖни университет таъсисчисидан яширин ҳолда, фирибгарлик йўли билан ўзига қўшимча маблағ ишлаш мақсадида жалб қилган, амалдаги қонунларга хилоф йўл билан ушбу МЧЖ номидан ота-оналар билан шартномалар тузган. Шартномага мувофиқ, ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10-11-синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-курсига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисобрақамига муайян тўловларни қилишган".